Тошкентдаги суд 47-сонли автобусда аёлга шилқимлик қилиш билан боғлиқ иш бўйича қарор чиқарди

Тошкентдаги суд 47-сонли автобусда аёлга шилқимлик қилиш бўйича иш кўриб чиқди
Тошкентда суд жамоат транспорти йўловчисига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган эркакка 3 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
Ҳодиса пойтахтнинг Сергели туманида, 47-сонли йўналишдаги автобусда содир бўлган. Иш материалларига кўра, фуқаро автобусда кетаётган аёлга шилқимлик қилган ва унга тегинган. Йўловчи бундай ҳаракатларни тўхтатишни ва ўзини муносиб тутишни талаб қилган, бироқ эркак шилқимликни давом эттирган.
Ишни жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди кўриб чиқди. Мажлисда ҳуқуқбузар айбига тўлиқ иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирди ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ваъда берди.
Суд эркакни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-1-моддаси 1-қисми (Шаҳвоний шилқимлик) бўйича айбдор деб топди. Унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

