Маҳаллий

Тошкентдаги иссиқхоналар фаолиятини экологик талаблар асосида давом эттириш таклиф қилинди

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳри ва пойтахт минтақасидаги иссиқхона хўжаликларига экологик тоза иситиш технологияларини жорий этиш шарти билан фаолиятини давом эттиришга рухсат беришни таклиф қилмоқда.

Тошкентдаги иссиқхоналар фаолиятини экологик талаблар асосида давом эттириш таклиф этилди

Таклифга кўра, иссиқхоналар табиий ва суюлтирилган газ, электр, геотермал ҳамда қуёш энергиясидан, шунингдек, иссиқлик электр стансияларида ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиши мумкин.

Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имкони бўлмаган ҳолларда кўмир ёқишга ҳам рухсат бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бироқ бунинг учун иссиқхоналар замонавий сертификатланган қозонлар, самарали филтрлар ва чиқиндиларни тозалаш тизимлари билан жиҳозланиши, атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меёрларга мос бўлиши шарт.

Шунингдек, экологик талабларга ўтадиган иссиқхона хўжаликлари учун субсидиялар ва солиқ имтиёзларини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Қўмита маълумотига кўра, экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган иссиқхоналарнинг пойтахт минтақасида фаолият юритишига қўйилган тақиқ сақланиб қолади.

Таъкидланишича, пойтахт минтақасида тунги пайтда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва шамолсиз об-ҳаво шароитида атмосферада инверсия табиий ҳодисаси юзага келиши сабабли кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган иссиқхона хўжаликларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар юзасидан фуқароларнинг мурожаат ва шикоятлари кўпайган. Жумладан, Юнусобод тумани аҳолиси атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашгани, шунингдек, иссиқхоналарни иситиш мақсадида кўмирдан фойдаланиш оқибатида пайдо бўладиган нохуш ҳидлар ҳақида хабар берган.

Қўмита хабарига кўра, фуқароларнинг мурожаатларида қайд этилган барча ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотлар томонидан воқеа жойига чиқиб, зарур ўрганиш ишлари олиб борилган. Тошкент шаҳри атмосферасига ифлослантирувчи моддаларни чиқараётган шахсларга нисбатан зудлик билан қатъий чоралар кўриш учун ишончли маълумотларни олиш мақсадида ҳаводан намуналар олинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.