Тошкентдаги дорихоналарда яроқлилик муддати ўтган дорилар сотилаётгани аниқланди
Телеграм ботда жойлаштирилган дори воситалари ҳақидаги эълонлар асосида Тошкент шаҳридаги қатор дорихоналарда текширувлар ўтказилган. Рейд жараёнида жиддий қонунбузарликлар фош этилган.

Тошкент шаҳридаги дорихоналарда ўтказилган текширувлар натижасида яроқлилик муддати ўтган ва сертификатланмаган дорилар сотилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасаси ахборот хизмати хабар берди.
Марказ томонидан "Арзон аптека" Телеграм ботидаги эълонлар асосида Тошкентдаги бир қатор дорихоналарда текширувлар ўтказилди. Натижада, 4 та дорихонада мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган 86 турдаги дори воситаси аниқланиб, савдодан олиб ташланди. Шунингдек, назорат тадбирлари давомида 5 турдаги яроқлилик муддати ўтган дори воситалари ҳам сотувда тургани аниқланди.
Марказнинг таъкидлашича, бундай дориларни истеъмол қилиш кутилмаган ва жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса, дори воситасининг яроқлилик муддати, сақлаш шароити, сифати ва қонуний муомаласи назорат қилинмаган бўлса, инсон саломатлиги учун реал хавф туғдиради.
Бундан ташқари, яна бир ҳолатда, дорихона дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана сотиш учун берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаган бўлишига қарамай, фаолиятини давом эттираётгани аниқланди.
Марказ фуқароларни дори воситаларини фақат қонуний фаолият юритаётган дорихоналардан харид қилишга, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги шубҳали эълонларга ишонмасликка чақирди. Шунингдек, дори воситасининг қонунийлиги ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатларга эътибор қаратиш муҳимлиги таъкидланди.

