Тошкентдаги чўмилиш ҳавзаларида касалланиш ҳолатлари тасдиқланмади
Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги чўмилиш ҳавзаларида чўмилганлар орасида касалланиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида тарқалаётган хабарларни рад этди. Маълум қилинишича, бугунга қадар бундай ҳолатлар бўйича бирорта ҳам расмий хабар қайд этилмаган.

Тошкентдаги сузиш ҳавзаларида касаллик ҳолатлари қайд этилмади.
Бошқарма маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида ишлаётган 57 та сузиш ҳавзаси доимий равишда санитария-эпидемиологик назоратдан ўтказилмоқда. Тасдиқланган режа асосида ҳар ой сув намуналари бактериологик ҳамда санитария-гигиеник кўрсаткичлар бўйича лаборатория текширувларидан ўтказилади.
Жорий йил давомида сузиш ҳавзаларидан жами 1 044 та сув намунаси таҳлил қилинган. Санитария талабларига жавоб бермаганлиги аниқланган 7 та мавсумий сузиш ҳавзасида сув тўлиқ алмаштирилиб, ювиш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, бошқармага сузиш ҳавзаларида чўмилиш натижасида заҳарланиш ёки юқумли касалликлар билан боғлиқ бирорта ҳам шошилинч хабарнома келиб тушмагани таъкидланди.
Санепидқўмита фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка, уларни тарқатмасликка ва фақат расмий манбалар орқали эълон қилинадиган ахборотларга таянишга чақирди.

