Тошкентдаги Адабиёт музейи Ёшлар театрига берилди. Экспонатлар ва илмий фаолият тақдири нима бўлади?
Адабиёт музейи биноси ҳукуматнинг ХДФУ қарори билан Ёшлар театрига бепул фойдаланишга берилди. Бу тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди. Музей ходимлари қўлёзмалар ва илмий фаолият тақдиридан хавотирда, Маданий мерос агентлиги эса деворий асарлар жойида қолишини билдирди. Газета репортажи.

Тошкентдаги Адабиёт музейи Ёшлар театрига топширилди. Экспонатлар ва илмий ишлар тақдири қандай бўлади?
Тошкент марказида жойлашган Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи биноси унинг ёнидаги Ўзбекистон давлат ёшлар театрига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилди.
Бу ҳолат Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 29-сентабрда имзоланган ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ёпиқ) қарорида назарда тутилган. Ҳужжатда музей учун Янги Тошкентда бино қуриш режалаштирилгани қайд этилган. Аммо у ҳали қуриб битказилмаган, музей фондларининг бир қисми эса аллақачон бошқа муассасага кўчирилган.
Музейнинг кўчирилиши ва бинонинг бериб юборилиши тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.
Муассасада ишлаётган илмий ходимлар музейнинг бошқа бинога кўчирилиши нафақат экспозицияларга, балки қўлёзмалар, тошбосмалар ва адибларнинг шахсий архивлари билан боғлиқ илмий ишларга ҳам таъсир қилишидан хавотирда. Уларнинг айтишича, музей оддий кўргазма зали эмас, балки ўзбек адабиёти тарихини асл манбалар асосида ўрганадиган илмий муассасадир. Шунингдек, ҳозирги бинода тарихий ва бадиий аҳамиятга эга деворий асарлар мавжуд.
Маъмура Рашидованинг сўзларига кўра, музей 1941-йилда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти қошида ташкил этилган. Дастлаб у Навоийга бағишланган кичик бўлим сифатида фаолият юритган, шоир ҳаёти ва ижодига оид қўлёзмалар ҳамда адабий манбалар тўплана бошланган.
“1968-йилда музей шоир таваллудининг 525 йиллиги муносабати билан ҳозирги биносига кўчирилган. Иморатнинг ўзи ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлиб, маданий мерос обьекти сифатида муҳофаза қилинади”, — дейди у.
Рашидова бу ерда 51 йилдан бери ишлайди. Унинг меҳнат фаолияти ва илмий изланишлари музей билан чамбарчас боғлиқ. Рашидованинг айтишича, муассасанинг асосий вазифаси фақат адабий меросни намойиш этиш эмас, балки уни илмий жиҳатдан ўрганиш, қўлёзмаларни тадқиқ қилиш ва адабиёт тарихига оид янги маълумотларни аниқлашдан иборат.
“Адабиёт музейи оддий томошагоҳ эмас. Бу ерда тарихий манбалар асосида адиблар ижоди ўрганилади, қўлёзмалар тадқиқ қилинади, асарларнинг матни текширилади. Кўргазмалар ҳам шу илмий меҳнатнинг натижасидир”, — дейди у.
Музей тарихида олим Ҳамид Сулаймоновнинг ўрни алоҳида. У музей фондини бойитиш учун шогирдлари билан хорижий мамлакатларга бориб, қўлёзмаларни ўрганган, имкони бўлганда уларнинг асл нусхаларини, акс ҳолда фотонусхалари ва кўчирмаларини олиб келган. Шунингдек, шоир ва ёзувчиларнинг шахсий архивларини тўплаш ишларига ҳам катта ҳисса қўшган.
1978-йилда музейда йиғилган қўлёзмалар ва адабий манбалар асосида Қўлёзмалар институти ташкил этилган. Унда олтита илмий бўлим фаолият юритиб, манбаларни тавсифлаш, ўрганиш ва уларни илмий муомалага киритиш билан шуғулланган. Ҳамид Сулаймонов вафотидан кейин бу ишларни академик Азиз Қаюмов давом эттирган. Маъмура Рашидова у билан қарийб 40 йил бирга ишлаганини айтади. Институт 20 йил давомида фаолият юритган.
Рашидованинг фикрича, музейни бошқа бинога кўчириш масаласи фақат экспонатларни бир жойдан иккинчисига олиб ўтиш билан чекланмайди. Муассасада йиллар давомида шаклланган илмий мактаб, тажриба ва анъаналар ҳам бор. Шунинг учун кўчириш режаси амалга оширилса, музейнинг илмий фаолияти қандай давом этиши аниқ белгиланиши керак.
Абдурасул Эшонбобоевнинг айтишича, муассаса экспозициясида 1500 дан ортиқ экспонат бор. Улар орасида мойбўёқда ишланган картиналар, сопол буюмлар, Навоий асарларининг турли даврларда чоп этилган нашрлари, хорижда сақланаётган девонларининг фотонусхалари ва бошқа ноёб ашёлар мавжуд.
Экспозициялар ўзбек адабиётининг турли даврларини қамраб олади. Музейда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган заллар, “Хамса” экспозицияси, Бобур ва мумтоз адабиётга оид материаллар, шунингдек, ХХ аср ва замонавий адабий жараёнларни ёритувчи кўргазмалар бор.
“Хамса” залида Темур Саъдуллаевнинг Навоийнинг беш достонига бағишланган деворий суратлари жойлашган. Машҳур мусаввир Чингиз Аҳмаровнинг Навоий лирикасига бағишланган деворий асарлари ҳам музейнинг бадиий мероси ҳисобланади. Уларда шоир ғазалларидан байтлар келтирилган бўлиб, уларни шоир ва хаттот Чархий домла битган", — дейди музей бош хазинабони.
Абдурасул Эшонбобоевнинг таъкидлашича, музейда Навоий ва Жомий, шунингдек, шоирнинг таваллуди ва вафотига бағишланган деворий асарлар ҳам бор. Уларнинг бири кейинчалик Алишер Навоий метро бекатини безашда намуна сифатида фойдаланилган. Музей экспозициясида Навоий, Бобур, Мақсуд Шайхзода, Ойбек ва Ғафур Ғуломнинг бюстлари, Огаҳий, Комил Хоразмий ҳамда бошқа ижодкорларга бағишланган ҳайкал ва санъат асарлари ҳам намойиш этилади.
Эшонбобоевнинг таъкидлашича, музейни кўчириш режаси муҳокама қилинганда фақат китоблар ва кўчма экспонатлар эмас, балки бинонинг ўзи билан узвий боғлиқ бўлган деворий асарлар тақдири ҳам ҳисобга олиниши лозим. Уларни бошқа жойга кўчириш имкони бўлмаслиги, бино бошқа муассасага берилган тақдирда эса асл муҳитида сақланиши масаласи очиқ қолмоқда.
Музейнинг асосий бойлиги экспозиция залларидаги ашёлар билангина чекланмайди. Бу ерда нодир қўлёзмалар ва тошбосмалар фонди, ўзбек шоир ва ёзувчиларининг шахсий архивлари сақланади. Абдурасул Эшонбобоевнинг маълум қилишича, фондда 3000 га яқин қўлёзма ва тошбосма китоб бор, уларнинг аксарияти тошбосма нашрлардир.
Шафоат Ҳасанова бу ерда 22 йилдан бери ишлайди. У кўчириш жараёни илмий фаолиятга аллақачон таъсир кўрсатаётганини таъкидлайди. Унинг маълум қилишича, музей фондларини инвентаризациядан ўтказиш ва кўчиришга тайёрлаш ишлари бошланган. Қўлёзмаларнинг бир қисми Ислом сивилизацияси марказига топширилган, қолган экспонатларни эса Антропология институти биносига кўчириш режалаштирилган.
“Бизнинг хавотиримиз фақат музей биносини йўқотиш билан боғлиқ эмас. Бу ерда йиллар давомида шаклланган илмий муҳит ва анъаналар бор. Янги Тошкентда Навоий маркази қурилаётганидан хурсандмиз, лекин янги бино тайёр бўлгунига қадар музей ва унинг илмий фаолияти қандай давом этиши аниқ эмас”, — дейди у.
Ҳасанованинг сўзларига кўра, фондларни кўчириш ва инвентаризация ишлари сабабли тадқиқотчиларнинг манбалардан фойдаланиш имконияти чекланган. Илмий ходимлар аввалгидек иш олиб боришда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Унинг айтишича, музей жамоаси муассасанинг келажаги ва илмий фаолияти узлуксиз давом этиши масаласида президентга хат йўллаган. Мурожаат Фанлар академиясига йўналтирилгани ҳақида жавоб олинган. Кейин академия вакиллари музейга келиб, ходимлар билан суҳбатлашган.
“Уларга илмий фаолиятимиз тўхтаб қолаётгани ва ташкилотнинг келажаги борасидаги хавотирларимизни тушунтирдик. Бизга музей ёпилмаслиги ва фаолиятимизни давом эттиришимиз мумкинлиги айтилди. Бироқ қаерда ва қандай шароитда ишлашимиз ҳақида аниқ жавоб берилмади. Шунинг учун муаммо ҳал этилди, деб айта олмаймиз. Кейин бизга хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган қарор келди. Унда музей кўчирилганидан кейин бинодан театрга бепул фойдаланиш учун бериш ва уни таъмирлаш назарда тутилган эди”, — дейди у.
Музей ходимларини яна бир масала ташвишга солмоқда: Янги Тошкентдаги Навоий марказининг қурилиши ҳали бошланғич босқичда. Ҳасанованинг тахминича, янги бинони фойдаланишга топшириш учун камида тўрт-беш йил ёки ундан кўпроқ вақт керак бўлади. Шу даврда музей фондлари қаерда сақланиши, тадқиқотчилар улардан қандай фойдаланиши ва илмий ишлар қаерда олиб борилиши мавҳумлигича қолмоқда.
Музей бош хазинабони Абдурасул Эшонбобоев ҳам янги бино қурилиб битгунига қадар музейнинг ҳозирги жойида фаолият юритиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, зарур бўлса, бинода таъмирлаш ишларини амалга ошириб, илмий фаолиятни узлуксиз давом эттириш мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 29-сентабрдаги ёпиқ қарорида музейнинг ҳозирги биносини музей кўчирилганидан кейин Ўзбекистон давлат ёшлар театрига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш ва бинода таъмирлаш ишларини амалга ошириш назарда тутилган.
Музей ходимлари эса бинони таъмирлаш орқали унинг ҳозирги вазифасини сақлаб қолиш имконияти ҳам кўриб чиқилиши керак, деб ҳисоблайди. Уларнинг таъкидлашича, бу ерда тарихий иморатдан ташқари, унга мослашган экспозициялар, деворий суратлар ва узоқ йиллар давомида шаклланган музей муҳити мавжуд.
Нурафшон Орипова ҳам муассасани ҳозирги жойидан янги бино тайёр бўлмасдан кўчиришга қарши. Унинг айтишича, музейдаги материаллар нафақат бугунги олимлар, балки келажак авлод учун ҳам муҳим манбалар ҳисобланади.
“Архив ҳужжатларини ўрганиш жараёнида музейнинг тарихий аҳамиятига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан боғлиқ ҳужжатларни кўриб чиқар эканмиз, бундан қарийб 85 йил аввал ҳам, мураккаб даврларга қарамай, бу кўчага Навоий номи берилиши ва шоир ҳайкалининг ўрнатилиши учун катта ишлар қилинганини кўрдик. Ўша даврда буюк шоир хотирасини абадийлаштириш учун шунчалик ҳаракат қилинган экан, бугун ҳам Навоийга бўлган ҳурмат ва ўзбек адабиётига эҳтиром юзасидан музейни сақлаб қолиш керак, деб ҳисоблайман”, — дейди Орипова.
Унинг фикрича, музейни сақлаш масаласига фақат бинодан қайси муассаса фойдаланиши нуқтаи назаридан қараш тўғри эмас. Ҳозирги музей, Навоий кўчаси, шоир ҳайкали ва атрофдаги маданий муҳит ўзаро боғлиқ. Экспозиция залларидаги деворий паннолар ва санъат асарлари ҳам ўз жойи ва муҳити билан аҳамиятли.
Музей ходимлари Янги Тошкентда Навоий маркази қурилишига қарши эмас. Аксинча, улар янги марказда ҳам адабий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш имкониятлари яратилишини қўллаб-қувватлайди. Бироқ уларнинг асосий талаби — янги бино қурилиб, ишга тушгунига қадар ҳозирги музейнинг фаолияти ва илмий ишлари тўхтаб қолмаслиги.
Ходимлар бинода зарур таъмирлаш ишларини амалга ошириб, музейни шу ерда сақлаб қолиш имкониятини кўриб чиқишни сўрамоқда. Улар учун масала фақат иш жойи ёки экспозицияларнинг қаерга кўчирилишида эмас. Гап қўлёзмалар, тошбосмалар, адиблар архивлари, деворий санъат асарлари ва ўнлаб йиллар давомида шаклланган илмий муҳит тақдири ҳақида кетмоқда.
Музейнинг келажаги бўйича ҳозирча ходимлар кутган аниқлик йўқ. Янги бинонинг қачон битиши, фондлар қаерда ва қандай шароитда сақланиши, тадқиқотчилар улардан қачон ва қандай фойдалана олиши каби саволлар очиқ қолмоқда. Ходимлар эса музейнинг илмий вазифаси сақланиб қолиши ва миллий адабий мерос келгуси авлодга бутун ҳолича етказилишини истайди.
Маданий мерос агентлиги ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг бошқа бинога кўчирилиши билан боғлиқ хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Агентликнинг маълум қилишича, Шайхонтоҳур тумани, Алишер Навоий кўчаси, 69-уйда жойлашган музей биноси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обьектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
Муносабатда қайд этилишича, бино тарихан ва архитектуравий жиҳатдан Рус ёш томошабинлар театри сифатида барпо этилган. Давлат ёшлар театри ҳам узоқ йиллардан буён ушбу мажмуа ҳудудининг бир қисмида фаолият юритиб келади.
Агентлик бинонинг театрга берилишини мажмуани ягона маданий-театр маскани сифатида сақлаб қолиш ва театрнинг кенгайиб бораётган эҳтиёжлари учун шароит яратиш билан изоҳлаган.
Қайд этилишича, бино маданий мерос обьектлари рўйхатига киритилган бўлса-да, Маданий мерос агентлиги балансида эмас, балки Фанлар академияси тизимида бўлган. Балансда сақловчининг таклифи инобатга олиниб, Ҳукумат қарори билан бино Давлат ёшлар театрига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин фойдаланиш учун берилган.
Агентлик таъкидлашича, бинодан фойдаланувчининг ўзгариши унинг маданий мерос обьекти мақомига таъсир қилмайди ва бу мақом билан боғлиқ ҳуқуқий мажбуриятларни бекор этмайди. Аксинча, мазкур мажбуриятлар янги фойдаланувчи — театр зиммасига юкланади.
Муносабатда музейнинг ички залларидаги деворий суратлар ва ноёб санъат асарларини кўчириш мумкин эмаслиги ҳам қайд этилган. Агентлик уларни жойида, асл ҳолича сақлашини билдирган. Бинонинг ички қисмини таъмирлаш лойиҳаси эса фақат деворий суратларни консервация ва реставрация қилиш шарти билан иккинчи босқичда кўриб чиқилиши айтилган.
Музей фондидаги бошқа ноёб экспонатларни эса Янги Тошкентда қурилаётган янги бино ишга тушгунига қадар вақтинча Ислом сивилизацияси маркази ва Фанлар академиясининг Антропология институтига кўчириш ва сақлаш режалаштирилган. Агентлик бинонинг фасад қисмини таъмирлаш учун 4,6 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилганини ҳам маълум қилган. Таъмирлаш ишлари икки босқичда, қонунбузилишларга йўл қўймаган ҳолда амалга оширилиши ваъда қилинган.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойида Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бир нечта маданий обьектларга, жумладан, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейига ташриф буюриб, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш жараёнини муҳокама қилганди. Кейин у маданият обьектлари билан боғлиқ вазиятни назоратга олганини маълум қилган.
Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи учун янги бино лойиҳаси бир неча йилдан буён муҳокама қилинмоқда. 2021-йилда президентга Миллий боғдаги Адиблар хиёбони ёнида музей қуриш таклифи тақдим этилганди.
Кейинчалик консепсия ўзгарди. 2024-йил сентабр ойида давлат раҳбарига Янги Тошкентда Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўз ичига олган мажмуа лойиҳаси тақдим этилди. Уни дунёга машҳур Заҳа Ҳадид Арчитесц бюроси лойиҳалаштирган.

