Тошкентдаги 180 млн сўмлик янги бекатлар: ҳаммаси халқ пулидан қуриляптими?

Тошкентдаги 180 миллион сўмлик янги бекатлар: уларнинг қурилиши халқ маблағлари ҳисобиданми?
Тошкент кўчаларида барпо этилаётган янги бекатларга аҳоли пули сарфланмоқдами? Нима учун уларга кондиционерлар ўрнатилмаяпти? Барча бекатларни ауксионда битта компания ютиб олдими? Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу саволларнинг аксариятига жавоб берилди. “Дарё” мухбири энг муҳим саволларга берилган жавобларни жамлади.
**Тошкентда қанча бекат бор?**
Тошкент шаҳрида жами 2871 та автобус бекати мавжуд. Уларнинг 813 тасида айвон (навес) йўқ, яъни усти очиқ. 1732 таси йўл белгилари билан таъминланмаган. 836 тасида ўриндиқ, 1622 тасида чиқинди қутилари йўқ. 753 тасида эса конструксиянинг ўзи мавжуд эмас.
739 та бекатнинг учдан бир қисми дўкон, қолган қисми ёзги ва қишки айвон ташкил этиш шарти билан йиллар давомида ҳоким қарорлари билан тадбиркорларга берилган.
2006-йил 8-июнда Тошкент шаҳар ҳокимининг тўғридан-тўғри қарори билан 187 та бекат Франсиянинг ЖСДесаух СА компаниясига 25 йил муддатга бепул берилган.
1902 та бекат ободонлаштириш бошқармасига тегишли бўлиб, шундан 194 таси Автомобил йўллари қўмитасига қарашли. Уларнинг 753 тасида конструксия йўқ, қолган 1149 таси таъмирталаб ёки маънавий эскирган.
Яна 26 та бекат 2021-йилда Синерама Филмс МЧЖ ҳамда Силвер Медиа Лух МЧЖга ЛЕД экранлар ўрнатиш шарти билан тўғридан-тўғри, ҳоким қарорисиз бепул берилган.
**Нега бекатлар тўлиқ янгиланмоқда?**
Президент қарорига асосан Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ўз фаолиятини бошлади. Пойтахт бекатларини замонавий кўринишга келтириш мақсадида марказга 2026-2027-йилларда Тошкент шаҳрида 1785 та бекатни ауксион савдоларига чиқариш вазифаси юклатилган. Жорий йилда шундан 300 тасини реконструксия қилиш белгиланган.
Марказ томонидан Тошкент шаҳрида жами 472 км асосий транспорт йўллари танлаб олинган бўлиб, амалга ошириладиган ишлар 5 босқичга бўлинган.
Биринчи босқичда 100 километрлик 12 та кўчадаги жами 310 та бекатни реконструксия қилиш ишлари доирасида 116 та муаммоли дўконли бекатлар аниқланган ва уларни бузиш ишлари бошланган.
**Барча бекатлар Эви Снасксъникими?**
Йўқ. 2025-йил 28-февралда 36 та ҳамда 2026-йил 27-январда 230 та рекламали (жами бекатларнинг 9 фоизи) ва 230 та рекламасиз бекат — жами 496 та бекат ауксионга чиқарилиб, учта иштирокчи ўртасида ўйналган. Ауксионда йиллик ижара тўловини 1,7 млрд сўм миқдорида таклиф қилган Эви Снаскс МЧЖ ғолиб деб топилган.
Ауксион шартларига кўра, бекат конструксияси, табло, “112 СОС” тугмаси, кузатув камераси, ўриндиқ, чиқинди қутилари, пандус, тактил қопламалар ўрнатилиши, туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва вендинг аппарати жойлаштириш лозим (вендинг аппаратидаги ичимликлар ва емаклар нархи супермаркетлардаги нархлардан қиммат бўлмаслиги ҳам ауксион шартларига киритилган).
Таъкидланишича, аввалги даврда бекатлар доналаб берилиши натижасида уларнинг кўпчилиги давлат тасарруфидан чиқиб кетган. Шу сабабли ауксионга чиқарилган бекатларнинг ҳар бирига кадастр рақами берилиб, ҳокимият балансида сақланиб қолган ҳолда ғолибга 10 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилмоқда.
Бугунги кунда Эви Снаскс МЧЖ томонидан 250 та бекатга конструксия ўрнатилган бўлиб, уларни жиҳозлаш ишлари бажарилмоқда.
**Нега тендер эмас, ауксион?**
Шаҳар ҳокимияти бекатлар учун ер участкасининг ижара ҳуқуқини хусусий инвесторга бермоқда. Бу ҳолда ушбу ҳуқуқни электрон ауксион орқали бериш амалдаги қонунчиликка мос келади. Чунки Ўзбекистонда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун бўш давлат ерлари асосан электрон онлайн ауксион орқали ажратилади.
Қайд этилишича, агар мақсад шаҳар учун энг яхши автобус бекати консепсияси, дизайни ва хизмат кўрсатувчи инвесторни танлаш бўлганда эди — аввал тендер (ёки консепсиялар танлови), кейин эса ғолиб билан ер ажратиш механизми қўлланилиши мантиқан тўғрироқ бўлар эди.
**Нега қурилиш компанияси эмас, Эви Снаскс ғолиб?**
Ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган саволлардан бири айнан шу бўлди: “нега бекатларни қуриш ҳуқуқини озиқ-овқат маҳсулотлари билан шуғулланувчи корхона қўлга киритди?”.
Аслида, ауксион предмети автобус бекатларини қуриш бўйича пудрат шартномаси эмас, балки уларни белгиланган талаблар асосида барпо этиш, жиҳозлаш ва кейинчалик белгиланган муддат давомида эксплуатация қилиш ҳуқуқи ҳисобланади.
Шу боис ғолиб компаниянинг ўзи қурилиш ишларини бажариши шарт эмас. У лойиҳага инвестиция киритади, қурилиш, металл конструксиялар тайёрлаш, монтаж, электр тармоқлари, рақамли жиҳозлар ва бошқа ишлар учун ихтисослашган пудрат ташкилотларини жалб қилиши мумкин. Яъни Эви Снаскс ушбу лойиҳада пудратчи эмас, балки инвестор ва оператор вазифасини бажаради.
Компания гуруҳи асосан озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан салқин ичимликлар ва хорижда ишлаб чиқарилган чипсларни импорт қилиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланади. Бу эса айримларда “бекатлардаги реклама майдонлари келажакда айнан шу маҳсулотларни тарғиб қилиш учун ишлатиладими?” деган саволни туғдирмоқда.
Ҳозирча компания томонидан реклама майдонларидан фақат ўз маҳсулотларини тарғиб қилиш режалаштирилгани ҳақида расмий маълумот берилмаган. Бироқ лойиҳа шартларига мувофиқ бекатлардаги реклама майдонлари оператор томонидан тижорат асосида бошқарилади. Реклама контентининг камида 20 фоизи эса ижтимоий аҳамиятга эга ахборотлар учун бепул ажратилиши белгиланган.
**Бекатларга давлат пули сарфланяптими?**
Лойиҳа давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириляптими, деган савол энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири бўлмоқда. Яъни, “халқ пули сарфланиб қурилаётган бекатлар одамларни жазирамада қуёш нуридан тўса олмаяпти”, дея танқид қилинди.
Қисқа жавоб — йўқ.
Бекатлар шаҳар бюджети эмас, балки ауксион ғолиби бўлган Эви Снаскс МЧЖнинг хусусий инвестициялари ҳисобидан қурилмоқда. Компания нафақат бекат конструксияларини ўрнатади, балки уларни жиҳозлаш, туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кейинчалик сақлаш ҳамда хизмат кўрсатиш харажатларини ҳам ўз зиммасига олган.
Шу билан бирга, бекатларнинг ўзи давлат мулки бўлиб қолади. Эви Снаскс уларга эгалик қилмайди — компания ауксион натижаларига кўра бекатлардан 10 йил муддатга ижара ҳуқуқини қўлга киритган.
**Ҳар бир бекат 180 миллион сўм турадими?**
Янги автобус бекатлари ҳақидаги муҳокамаларда энг кўп такрорланаётган рақамлардан бири — 180 миллион сўм. Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари барча бекатлар айнан шунча маблағга қурилаётгани, бироқ улар мутлақо талабга жавоб бермаслиги ҳақида фикр билдирмоқда.
Матбуот анжуманида ва шаҳар ҳокимлиги тақдим этган сметага кўра, бекатлар бир нечта турга бўлинади ва уларнинг қиймати ҳам жиҳозланиш даражасига қараб фарқ қилади.
Энг оддий, рекламасиз ижтимоий бекатни қуришнинг ўртача қиймати 42 миллион сўмни ташкил этади. Бундай бекатлар асосан аҳоли гавжум бўлмаган маҳалла ва ички кўчаларда ўрнатилади. Улар йўловчиларни ёмғир ва қуёшдан ҳимоя қилувчи соябон, ўриндиқ ва бошқа зарур элементлар билан жиҳозланади.
Реклама майдонларига эга замонавий бекатлар эса жиҳозланишига қараб 114 миллион сўмдан 178,9 миллион сўмгача баҳоланган. Бу маблағ фақат металл конструксия учун эмас, балки бутун инфратузилма мажмуаси учун сарфланади. Унга платформани тайёрлаш, пандуслар, тактил қопламалар, ЛЕД монитор, электрон табло, видеокузатув камералари, “112 СОС” чақирув тугмаси, вендинг аппарати, ташқи коммуникациялар ва туташ ҳудудни ободонлаштириш ишлари ҳам киради.
“180 миллион сўмлик бекат” деганда кўпчилик фақат темир конструксия ва соябонни тасаввур қилмоқда. Аслида эса ушбу маблағ бутун бошли бекат мажмуасини барпо этиш, уни муҳандислик тармоқларига улаш ва замонавий инфратузилма билан жиҳозлаш учун сарфланади.
**Нега бекатлар кондиционерли эмас?**
Тадбирда энг кўп муҳокама қилинган саволлардан бири — нима учун улар кондиционер билан жиҳозланмагани бўлди. Матбуот анжуманида консепсияни ишлаб чиққан СТЕП компанияси раҳбари Алина Бисембаева очиқ турдаги бекатлар иссиқ иқлимли мамлакатларда ҳам кенг қўлланилишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бекатни тўлиқ ёпиш доим ҳам қулай ечим эмас. Чунки бу табиий шамолланишни чеклаб, ҳаво ҳароратининг янада ошишига сабаб бўлиши мумкин. Очиқ бекатларга кондиционер ўрнатиш эса халқаро амалиётда стандарт ечим ҳисобланмайди, сабаби совитилган ҳаво тез тарқалиб кетади.
Унинг маълум қилишича, Токио, Осака, Сеул ва Сингапур каби шаҳарларда ҳам асосий эътибор бекатларни эмас, автобусларни кондиционерлар билан таъминлаш ва уларни кутиш вақтини қисқартиришга қаратилган. Ёпиқ кондиционерли бекатлар асосан Дубай каби шаҳарларда босқичма-босқич қурилган.
Шу билан бирга, Тошкентда аҳоли гавжум ҳудудларда кондиционерли ёпиқ бекатларни эксперимент тариқасида жорий этиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу лойиҳанинг самарадорлиги кейинги босқичларда баҳоланади.
**Нега бекатлар қуёшдан тўлиқ ҳимоя қилмаяпти?**
Матбуот анжуманида “Дарё” мухбири янги бекатлар ёзги жазирамада йўловчиларни қуёшдан қай даражада ҳимоя қилиши ва лойиҳани такомиллаштириш режалари ҳақида савол берди. Айниқса, том қисми қисқа экани ва куннинг маълум вақтларида қуёш нури бевосита бекат ичига тушаётгани тилга олинди.
Эви Снаскс вакили Жаҳонгир Абдураҳмонов танқидлар инобатга олинганини маълум қилди. Унинг айтишича, кейинги босқичда қуриладиган бекатларнинг том қисми узунроқ қилинади. Бундан ташқари, том қисми қуёш иссиғини кам ўтказувчи замонавий иссиқлик изоляцияси материаллари билан қопланади.
Компания вакилига кўра, бу ўзгаришлар ёз ойларида соя ҳудудини кенгайтириш ва бекат ичидаги ҳароратни пасайтиришга хизмат қилади. Шу тариқа, жамоатчилик томонидан билдирилган асосли таклифлар лойиҳани такомиллаштириш жараёнида инобатга олинади.
**Дўконли бекатлар нима учун бузиляпти?**
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, аввалги йилларда 739 та бекат тадбиркорларга дўкон қуриш шарти билан берилган. Аммо амалда кўп ҳолларда дўконлар бекатнинг асосий қисмини эгаллаб, йўловчилар учун қулай кутиш жойлари қолмаган.
Қолаверса, бекатларда дўконларнинг бўлиши унинг ҳудудида автомобиллар тўхташига, автобусларнинг тўхтаб ҳаракатланиши учун тўсқинлик қилишига сабаб бўлмоқда. Айрим кўчаларда дўконли бекатлар бузилгач, автобусларнинг ҳаракатланиш тезлиги соатига 3-5 километрга ортгани қайд этилган.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, биринчи босқичда ўрганилган 116 та обьектнинг ҳар бири алоҳида ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қилинган.
Натижада иккита обьект эгасига компенсация тўланган, 95 нафар тадбиркорга эса фаолиятини давом эттириши учун янги жойлар таклиф этилган. Кўчишга рози бўлмаган 14 та обьект бўйича баҳслар суд тартибида кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, 5 та обьект ҳеч қандай рухсат этувчи ҳужжатларсиз қурилгани аниқланган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилмоқда ва ҳеч бир обьект суд қарори ёки қонуний асосларсиз бузилмайди.
**Янги бекатларни яна қандай ўзгаришлар кутмоқда?**
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, янги автобус бекатлари лойиҳаси ҳали такомиллаштириш босқичида. Жамоатчилик ва ОАВ вакиллари томонидан билдирилган таклифлар асосида келгуси бекатларда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Хусусан, бекатларнинг том қисми узунроқ қилинади, шунингдек, қуёш иссиғини кам ўтказувчи замонавий иссиқлик изоляцияси материаллари қўлланилади. Бекатларнинг ташқи кўриниши ҳам қайта кўриб чиқилиб, уларни оқ ёки очроқ рангларда бўяш, шунингдек, бекатларга ягона номлаш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, аҳоли гавжум ҳудудларда кондиционерли ёпиқ бекатларни эксперимент тариқасида қуриш режалаштирилган. Кейинги босқичларда эса автобус бекатларини ауксионга чиқариш шартлари қайта кўриб чиқилиб, инвесторлар учун техник талаблар ва йўловчиларга яратиладиган қулайликлар янада такомиллаштирилиши белгиланган.

