Тошкентда «зебра»да пиёдага йўл бермаган ҳайдовчи жазоланди
Тошкентда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида пиёдага йўл бермасдан ҳаракатланган Ласетти ҳайдовчисига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳолат акс этган видео аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Тошкентда пиёдалар ўтиш жойида пиёдага йўл бермаган ҳайдовчи жавобгарликка тортилди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеоёзувга изоҳ берди.
Ушбу видеода Ласетти русумли автомобил ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган пиёдага йўл бермай, ҳаракатни давом эттиргани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат ЙҲХБ ходимлари томонидан атрофлича ўрганилиб, ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси бўйича маъмурий баённома тузилди.
Бундан ташқари, ҳайдовчи билан профилактик суҳбат ўтказилди.
ЙҲХБ барча ҳайдовчиларни тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларига яқинлашганда тезликни камайтиришга, пиёдаларга йўл бериш учун тўхташга ва улар хавфсиз ўтиб олганларидан сўнг ҳаракатни давом эттиришга чақирди.

