Тошкентда яна 4 та участкада БРТ линияларини қуриш режалаштирилмоқда
Тошкент ҳокимлиги автомобиллардан воз кечиш сиёсатини давом эттириш ва яна тўртта участкада БРТ линияларини қуриш режалари ҳақида маълум қилди. Булар — Муқимий, Қоратош ва Кўкча Дарвоза, Паркент ҳамда Мирзо Улуғбек кўчалари (илгари улардан трамвай ўтган). Ҳозирда БРТ Шаҳрисабз кўчасида қурилмоқда.

Тошкентда яна 4 та участкада БРТ линияларини барпо этиш режалаштирилмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги “жамоат транспорти ҳаракати устуворлигини ошириш ва автомобиллардан воз кечиш сиёсатини амалга ошириш” бўйича ишлар давом эттирилишини маълум қилди.
Мазкур сиёсат доирасида кўчалар ўртаси бўйлаб автобуслар учун алоҳида ажратилган бўлаклар (БРТ туридаги) умумий узунлиги 17,9 км бўлган яна тўртта участкада қурилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, аввал бу участкаларда трамвай ҳаракатланган. У 2016-йил май ойи бошида ёпилган эди.
Хабарга кўра, мутахассислар жамоат транспорти йўналишлари ўтадиган, умумий узунлиги 150 км дан ортиқ бўлган кўча участкаларини таҳлил қилиб, айнан кўрсатилган йўналишларни танлаб олган.
“Лойиҳанинг асосий мақсади — автобусда юриш шахсий автомобилга жозибадор муқобил бўлиши учун жамоат транспортини тез, қулай, хавфсиз ва оммабоп қилишдан иборат. Бу Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази стратегиясига ҳамда шаҳарнинг шахсий автотранспортга қарамлигини камайтириш йўналишига мос келади”, — дейилади хабарда.
Пойтахт ҳокимининг қарори имзоланиб бўлинган, ҳозир эса лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун буджет шакллантирилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу мақсадлар учун тахминан 6,5 млрд сўм керак бўлади. Харажатларни Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш режалаштирилган, дея қайд этди ҳокимлик.
Лойиҳалар буюртмачиси “Тошкент инвест компанияси” бўлади. Лойиҳа ташкилотлари, пудратчилар ва техник назорат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда танлов асосида аниқланади, дейилади ҳокимлик хабарида.
Қурилиш ишлари бошлангунига қадар муҳандислик коммуникациялари ва коммунал инфратузилма тармоқлари текширувдан ўтказилади. Носозликлар аниқланса, тармоқлар таъмирланади, кўчирилади ёки алмаштирилади.
“Лойиҳага қўйиладиган талаблар пиёдалар учун қулай йўналишлар, сифатли йўл кўрсаткичлари, бекат мажмуалари ва ёритиш тизимини ўз ичига олади. Йўл қопламасининг сифатига алоҳида эътибор қаратилади. Талаб ўзгаришсиз қолмоқда: полимер билан модификацияланган битум ва тоғ жинсларидан олинган мустаҳкам чақиқтошли МА (шағал-мастикали асфалтбетон) қоришмасини қўллаш. Ушбу қоплама 2023-йилдан буён пойтахтнинг иқлим шароитида ўзини яхши оқлади”.
Ҳокимлик аҳолига “режалаштирилаётган ўзгаришлар ва лойиҳанинг ҳар бир босқичи ҳақида очиқ-ошкора маълумот бериб боришга” ваъда берди.
Ҳозирда БРТ линияси Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб (3,2 км) қурилмоқда — бу Шота Руставели кўчасидаги линиянинг (6,5 км) давоми. Кейинчалик у Амир Темур шоҳкўчаси (7,6 км) ва Янги Сергели кўчаси (5,5 км) бўйлаб давом этади. Ҳокимлик ушбу лойиҳани апрел ойида тақдим этган эди.

