Тошкентда уй-жойлар қайта баҳоланди: янги ва олдинги кадастр қиймати кескин фарқ қилди
Тошкентда кўчмас мулкни оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари тақдим этилди. Айрим обьектларда янги ва кадастр қиймати

Тошкентдаги уй-жойларнинг кадастр қиймати кескин ўзгарди: янги ва аввалги баҳолар орасида катта фарқ кузатилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида 14-август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган кўчмас мулк обьектларини оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари муҳокама қилинди. Ушбу муҳокамада ОАВ вакиллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари ва соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Баҳолаш жараёнида пойтахтдаги 600 мингдан ортиқ квартира қамраб олинди. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 57,8 триллион сўмни ташкил этган бўлса, оммавий баҳолаш натижасида бу қиймат 426,7 триллион сўмга етди.
Шунингдек, 213 мингдан ортиқ ҳовли-жой қайта баҳоланди. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 39,1 триллион сўм бўлган, оммавий баҳолаш натижасида эса бу кўрсаткич 548,4 триллион сўмга кўтарилди.
Баҳолаш натижалари Тошкент шаҳрида кўчмас мулк қийматининг ҳудудлар бўйича сезиларли даражада фарқ қилишини кўрсатди. Хусусан, квартираларнинг бир квадрат метри қиймати 4,6 миллион сўмдан 35,8 миллион сўмгача бўлган.
Бир сотих ер участкасининг қиймати эса ҳудудга қараб 115 миллион сўмдан 890 миллион сўмгача аниқланган. Бу рақамлар пойтахтдаги кўчмас мулк нархларида ҳудудий тафовутлар мавжудлигини яққол кўрсатиб турибди.
Оммавий баҳолаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш Президентнинг 2025-йил 5-мартдаги фармони билан белгиланган. Биринчи босқич 2025–2026-йилларда Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида амалга оширилмоқда.
Оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу муддат ичида мулкдорлар баҳолаш натижалари ва ҳисоб-китобларда фойдаланилган маълумотлар билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

