Маҳаллий

Тошкентда уй-жойлар қайта баҳоланди: янги ва олдинги кадастр қиймати кескин фарқ қилди

Тошкентда кўчмас мулкни оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари тақдим этилди. Айрим обьектларда янги ва кадастр қиймати

Тошкентда уй-жойларнинг кадастр қиймати кескин ўзгарди: янги ва аввалги баҳолар орасида катта тафовут кузатилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида 14-август куни Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк обьектларини оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари муҳокама қилинди. Ушбу тадбирда ОАВ вакиллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Баҳолаш жараёнида пойтахтдаги 600 мингдан ортиқ квартира қамраб олинди. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 57,8 триллион сўмни ташкил этган бўлса, оммавий баҳолаш натижасида бу кўрсаткич 426,7 триллион сўмга етди.

Шунингдек, 213 мингдан зиёд ҳовли-жой қайта баҳоланди. Уларнинг аввалги кадастр қиймати 39,1 триллион сўм бўлган, оммавий баҳолашдан сўнг эса 548,4 триллион сўмга баҳоланди.

Баҳолаш натижалари Тошкент шаҳрида кўчмас мулк қийматининг ҳудудлар бўйича сезиларли даражада фарқ қилишини кўрсатди. Хусусан, квартираларнинг бир квадрат метри нархи 4,6 миллион сўмдан 35,8 миллион сўмгача бўлган.

Бир сотих ер участкасининг қиймати эса ҳудудга қараб 115 миллион сўмдан 890 миллион сўмгача аниқланган. Бу рақамлар пойтахтдаги кўчмас мулк нархларида ҳудудий фарқнинг яққол намоён бўлишини кўрсатади.

Оммавий баҳолаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш Президентнинг 2025-йил 5-мартдаги фармони билан белгиланган. Биринчи босқич 2025–2026-йилларда Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида амалга оширилмоқда.

Оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу муддат ичида мулкдорлар баҳолаш натижалари ва ҳисоб-китобларда фойдаланилган маълумотлар билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.