Маҳаллий

Тошкентда тезликни 210 км/соатгача оширган мотоциклчи жаримага тортилди

Тошкентда тезлик 60 км/соат қилиб белгиланган участкада 210 км/соат тезликда ҳаракатланган мотоциклчининг шахси аниқланди. Унга нисбатан БҲМнинг 15 баравари — 6,18 млн сўм миқдорида жаримани назарда тутувчи маъмурий баённома тузилди. Мотоцикл жарима майдончасига жойлаштирилди.

Тошкент шаҳрида мотоцикл бошқарган шахс белгиланган тезликни 210 км/соатгача оширгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

Хабарга кўра, мотоцикл ҳайдовчиси тезлик чеклови 60 км/соат бўлган йўл қисмида соатига 210 км тезликда ҳаракатланган.

Аввалроқ, ушбу мотоциклчининг ҳаракатлари акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган эди. Шундан сўнг, қидирув бўлими ходимлари ҳайдовчининг шахсини аниқлаб, у билан тушунтириш ишларини олиб борди.

ИИББ ҳуқуқбузар иштирокидаги видеони ҳам эълон қилди. Видеода ҳайдовчи шундай дейди: “Шаҳар ичида 60 км/соатли жойда 210 км/соат тезликда ҳаракатландим. Бошқа такрорланмайди. Мендан ўрнак олиб, мотоциклда шундай юриш мумкин деб ўйлаб ҳайдашдан қайтараман. Чора кўришяпти. Охири яхшилик билан тугамайди”.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 60 километрдан ортиқ катталикда ошириши) билан маъмурий баённома тузилди. Ушбу қоидабузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари (6,18 млн сўм) миқдорида жарима солиш назарда тутилган.

Мотоцикл жарима майдончасига жойлаштирилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.