Тошкентда спорт устаси оиладаги зўравонликда айбланиб 10 суткага қамалди
Чилонзор тумани суди фарзандларининг кўз олдида турмуш ўртоғини калтаклаган спорт устаси ва мураббийга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Nemolchi.uz лойиҳасига кўра, у оиладаги зўравонлик бўйича айбдор деб топилди. Аввалроқ аёлга ҳимоя ордери берилганди.

Тошкентда спорт устаси оиладаги зўравонликда айбланиб 10 суткага қамалди
29-сентабр куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди фарзандлари кўз ўнгида турмуш ўртоғини калтаклаган спорт устаси ва мураббийга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Август ойида лойиҳага мураббийнинг рафиқаси эри томонидан калтаклангани, ўзи ҳамда 3,5 ёшли қизи ва бир ёшли ўғлининг ҳаётидан хавотирда эканини билдириб мурожаат йўллаганди.
Хабар эълон қилингач, жабрланувчига экспертиза учун йўлланма берилган, ижтимоий хизматлар у билан боғланиб, кейинги қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий ҳимоя реестрига киритган.
Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизмати оиладаги (маиший) зўравонлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ якунда иш маъмурий тартибда кўриб чиқилди: суд-тиббий экспертизаси тан жароҳатларини енгил ва саломатликнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келмаган деб топган.
Судда эркак хотинини калтаклаганини тасдиқлади ва бошқа бундай қилмасликка ваъда бериб, енгиллик беришни сўради. Жабрланувчи эса унга маъмурий қамоқ жазоси тайинланишини сўраган.
Суд мураббийни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2-моддаси 2-қисми (Оиладаги (маиший) зўравонлик) бўйича айбдор деб топиб, 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Муддат 29-сентабрдан ҳисобланади. Шунингдек, суд тажовузкордан қамоқда сақлаш харажатлари учун 618 минг сўм ундириш ҳақида қарор чиқарган.
“Биринчи хабар эълон қилингач, изоҳларда ўнлаб одамлар „у бундай одам эмас“ деб ёзиб, эркакни оқлашди ва аёлни туҳматда айблашди. Бироқ у судда хотинини калтаклаганини ўзи тан олди. Таниш-билишлари унинг обрўсини ҳимоя қилаётган бир пайтда, жабрланувчи нафақат содир бўлган воқеани бошдан кечиришга, балки ўз шахсига ёғилган айбловларга ҳам жавоб беришга мажбур бўлди”, — деб ёзади Nemolchi.uz лойиҳаси.
Июл ойида Тошкентда суд 19 ёшли спортчини зўравонлик тарғиботи деб топилган видео учун жаримага тортганди.
У машғулот вақтида тасвирга олинган видеода келажакдаги хотини “фақат аниқ зарбаларни қабул қилиши” учун машқ қилаётганини ёзган. Видео ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган Nemolchi.uz асосчиси Ирина Матвиенко таъқибга учрагани ҳақида маълум қилган.

