Тошкентда совет даврига оид ноёб мозаикалар сақланади
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида собиқ сил диспансерининг ташқи деворларида жойлашган ноёб мозаик композицияларни эҳтиёткорлик билан демонтаж қилиш ва бошқа жойга кўчириш ишлари бошланди.

Тошкентда совет даврига оид ноёб мозаикалар сақланиб қолинмоқда.
Юнусобод туманида жойлашган собиқ сил диспансерининг ташқи деворларидаги бетакрор мозаик композицияларни эҳтиёткорлик билан демонтаж қилиш ва бошқа жойга кўчириш ишлари бошланди. Ниёзбек йўли кўчаси 3-тор кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган ушбу мозаикалар Маданий мерос агентлиги томонидан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обьектлари миллий рўйхатига киритиш учун номзод сифатида кўриб чиқилмоқда.
1972-йилда қурилган собиқ сил диспансери биносида демонтаж ишлари режалаштирилгани сабабли, мозаик композицияларнинг яхлитлиги, тарихий ва бадиий қимматини сақлаб қолиш мақсадида уларни бошқа ҳудудга кўчиришга қарор қилинди.
Маданий мерос агентлигининг маълумотларига кўра, бу мозаикалар ХХ асрнинг иккинчи ярмига оид монументал санъатнинг ноёб намуналаридир. Уларнинг бадиий қиймати композицион ечимнинг ўзига хослиги, рангларнинг уйғунлиги ва тасвирлар мавзуси билан боғлиқ.
Мозаикаларда инсон, табиат, меҳнат, бунёдкорлик, илм-фан ва тинчлик ғоялари бадиий талқинда акс эттирилган. Тасвирларни яратишда турли рангдаги смалта ва мозаиканинг бошқа элементларидан фойдаланилган.
Ушбу композицияларни кўчириш уларни ўз даври монументал санъати намуналари сифатида сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказиш имконини бериши кутилмоқда.

