Тошкентда Шаҳрисабз кўчасининг 1,2 км қисмида БРТ йўлаги фойдаланишга топширилди

Тошкентда Шаҳрисабз кўчасининг 1,2 км қисмида БРТ йўлаги ишга туширилди
Тошкент шаҳрида Шаҳрисабз кўчасидаги БРТ йўлагининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди. Ушбу босқич Шаҳрисабз, Миробод ва Шота Руставели кўчалари туташган айланма чорраҳадан Амир Темур шоҳкўчаси билан кесишмагача бўлган 1,2 километрлик участкани қамраб олади.
Лойиҳа доирасида нафақат йўлнинг асфалт қопламаси янгиланди, балки катта сиғимли автобусларнинг мунтазам ҳаракати ва доимий юкламасини инобатга олган ҳолда йўлнинг остки конструксияси ҳам тўлиқ қайта қурилди. Айрим жойларда 2 метрдан ортиқ чуқурликкача қазиш ишлари олиб борилиб, мавжуд асос олиб ташланди ва йўл пойдевори қайта шакллантирилди.
Грунт намлиги, тупроқнинг силжиши ва кейинчалик чўкиш хавфини камайтириш учун геотекстил қопламаси ётқизилди. Кейин 35 сантиметр қалинликдаги қум-шағал аралашмаси, М-75 маркали мустаҳкамловчи қатлам, 9 сантиметр қалинликдаги йирик донали асфалт-бетон қатлами ва якуний қоплама сифатида 5 сантиметр қалинликдаги ПШМА-20 ётқизилди.
БРТ инфратузилмаси доирасида 6 та янги автобус бекати барпо этилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ҳаракат йўлаги ташкил қилинди. Йўлак умумий транспорт оқимидан бордюрлар орқали жисмонан ажратилди. Бу автобусларнинг тирбандликка камроқ боғлиқ ҳолда ҳаракатланиши ва қатнов оралиғининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Қурилиш ишлари вақтида йўл ҳаракати тўлиқ тўхтатилмади. Ишлар марказий қисмдаги тасмаларда босқичма-босқич амалга оширилиб, транспорт воситаларининг ҳаракати кўчанинг икки йўналишидаги чекка ўнг тасмаларда сақлаб қолинди.
Мазкур 1,2 километрли участка Шаҳрисабз кўчасида БРТ инфратузилмасини шакллантиришнинг биринчи босқичи ҳисобланади. Умумий лойиҳа доирасида кўчанинг қарийб 3 километр қисмида БРТ йўлагини ташкил этиш режалаштирилган.
Дастлабки босқичда умумий узунлиги 16,2 километр бўлган БРТ йўналишлари Шаҳрисабз, Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Янги Сергели кўчаларида ташкил этилиши белгиланган.

