Тошкентда Салор канали бўйида янги дам олиш маскани ташкил этилади

Тошкентда Салор канали бўйида янги дам олиш маскани барпо этилади
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидан оқиб ўтувчи Салор канали бўйи ободонлаштирилиб, замонавий дам олиш ҳудудига айлантирилади. Лойиҳа Мирзакалон Исмоилий ва Асака маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи қарийб 1,5 километр узунликдаги қисмини қамраб олади.
Ҳудуд Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги биноси олдидан бошланиб, Марказий истироҳат боғигача давом этади. Лойиҳа доирасида мавжуд дарахтлар ва яшил майдонлар сақланиб қолади ҳамда ободонлаштирилади. Канал бўйидаги бинолар хатловдан ўтказилиб, ноқонуний эгалланган ҳудудлар ҳам тартибга келтирилади.
Шунингдек, бу ерда пиёдалар ва велосипед йўлаклари, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус йўлаклар, ўриндиқлар ва айвончалар, болалар ҳамда воркаут майдончалари ташкил этилиши режалаштирилган.
Мирзакалон Исмоилий маҳалласидаги 1А, 2, 3, 5 ва 7-сонли кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Бу ерда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва янги иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда.
Шавкат Мирзиёев раислигида 11-сентябр куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Бўзсув каналининг Шаҳидлар хотираси хиёбонидан Чилонзор туманигача бўлган қисмида 20 километрлик узлуксиз пиёдалар йўлаги ташкил этилиши маълум қилинганди.
Йиғилишда аҳолининг кўпроқ пиёда юриши, спорт билан шуғулланиши ва очиқ ҳавода дам олиши учун замонавий инфратузилма яратиш зарурлиги таъкидланган. Шу мақсадда пойтахтдаги канал ва катта ариқлар бўйларини аҳоли учун очиқ ва хавфсиз сайр ҳудудларига айлантириш таклиф қилинган.

