Тошкентда қизларни интим хизматлар кўрсатишга мажбурлаб келинган спа салон фаолиятига чек қўйилди
Миробод туманида спа салон номи остида фоҳишахона ташкил этиш ва одам савдоси билан шуғулланишда гумонланган гуруҳ аниқланди. ИИББ маълумотларига кўра, икки қиз иш ваъдаси билан жалб этилиб, эркига зид равишда ушлаб турилган, калтакланган ва жинсий эксплуатация қилинган.

Тошкентда аёлларни интим хизматлар кўрсатишга мажбурлаган спа салон фаолиятига чек қўйилди.
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида спа салон ниқоби остида фоҳишахона ташкил этиб, одам савдоси билан шуғулланганликда гумонланган гуруҳ фаолияти тўхтатилди. Пойтахт ИИББ хабарига кўра, икки нафар қиз иш ваъдаси билан жалб қилинган, сўнгра уларнинг ихтиёрига зид равишда бинода ушлаб турилиб, жинсий эксплуатация қилинган.
Мазкур тезкор тадбир ИИББ ва шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ўтказилган. Дастлабки маълумотларга кўра, Нигина, Раъно ва Зарнигор исмли аёллар олдиндан тил бириктириб, спа салон ҳудудида фоҳишахона ташкил этган.
Тергов маълумотларига кўра, икки қиз ишга жойлаштириш баҳонаси билан алданган, уларнинг эркига зид равишда ушлаб турилган ва таниш мижозларга интим хизматлар кўрсатишга мажбурланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг билдиришича, гумонланувчилар шу йўл билан ноқонуний даромад олган.
Жабрланган қизлардан бири Телеграмъда официантлик вакансияси ҳақидаги эълонни кўрганини айтган. У кўрсатилган манзилга келганида, шахсий буюмлари олиб қўйилган ва ертўлага туширилиб, массаж қилиши кераклиги айтилган.
“Мен массаж қилишни билмайман деганман. Йўқ, ўзимиз ўргатамиз, хуллас, шунақа-шунақа қиласиз, оддийгина бўлади, дейишган. Хуллас, қизларни “выбор”га олиб чиқишади, мажбурлашади… Биз массаж қилиб турган пайтимизда ўша эркаклар яқинлашган, биз нима қиляпсиз деб, ўша клиент билан тортишиб қолган пайтимизда, биз пул берганмиз, сен қилишга мажбурсан, нимага унақа қиляпсан деган. Клиент келган пайти чиқмаймиз деганимизда, хонамизга кириб уришган, баланд пошнали туфлилар бўлар эди. Ўша билан уришган, сочимиздан тортишган”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, қизларга овқат беришмаган, калтаклаш, шарманда қилиш ва кўчага кийимсиз ҳайдаб юбориш билан таҳдид қилишган. Бошқа бир жабрланувчи эса уларга ҳатто ўлим билан ҳам таҳдид солинганини таъкидлади.
“Мана шу ерда ўлиб кетасан, ўлигингни ҳеч ким кўрмайди дейишган”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради ИИББ.
Тезкор тадбир давомида яна етти нафар қиз “массаж хизмати кўрсатиш ниқоби остида фоҳишалик билан шуғулланиб келгани” аниқланган, дейилади хабарда.
Гумонланувчилар интим хизматлар учун 320 доллар ва 6,25 млн сўм олаётган вақтда ушланган. Воқеа жойидан олинган буюмлар ва пул маблағлари холислар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

