Тошкентда онлайн қимор ўйинлари бўйича хизмат кўрсатиб келган гуруҳ қўлга олинди
Гуруҳ Яшнобод туманидаги бизнес марказларининг бирида компютер технологиялари соҳасида консултация хизматлари кўрсатиш ниқоби остида фаолият кўрсатиб келган. Мижозларни жалб қилишда махсус дастурий таъминот, шифрланган алоқа ва рақамли изларни яшириш технологияларидан фойдаланилган.

Тошкентда онлайн қимор ўйинлари бўйича хизмат кўрсатиб келган гуруҳ қўлга олинди
ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тошкент шаҳрида йирик тезкор тадбир ўтказилди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбир давомида Яшнобод туманидаги бизнес марказларидан бирида онлайн қимор ўйинларига хизмат кўрсатувчи гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Ушбу гуруҳ компютер технологиялари соҳасида консултация хизматлари кўрсатиш ниқоби остида ишлаган.
Гуруҳ Ўзбекистон, Саудия Арабистони, БАА, Уммон, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва бошқа давлатларнинг қарийб 60 минг фуқаросини онлайн қимор платформаларига жалб қилиш ҳамда уларда қатнашиш учун шароит яратиб бериш хизматларини кўрсатиб келган.
Бино ичида бўлимлар қатъий тақсимланган бўлиб, операторлар, супервайзерлар, кассачилар, ҳисобчи-аналитиклар ва менежерлар ўзларига юклатилган вазифаларни махфий тарзда бажариб келишган. Мижозларни жалб этишда махсус дастурий таъминот, шифрланган алоқа ва рақамли изларни яшириш технологияларидан фойдаланилган.
Махсус операция давомида бинодан катта инфратузилма ашёвий далил сифатида хатланган. Жумладан, сервер қурилмалари, компютер жамланмалари, ноутбуклар, мобил телефонлар, банк пластик карталари, пул маблағлари ва ишга алоқадор бошқа ашёвий далиллар расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, ушбу тузилма орқали сўнгги 6 ойда 4 млн доллар миқдорида пул маблағлари айланмаси амалга оширилгани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. 16 нафар шахс билан тезкор суриштирув ва тергов ишлари олиб борилган. Гуруҳнинг 11 нафар аъзоси процессуал тартибда ушланган.
Қўшимча қилинишича, жиноятга бевосита алоқадор, масофадан хизмат кўрсатувчи шахслар ҳам аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

