Маҳаллий

Тошкентда ноқонуний 50 млн долларлик криптовалюта айланмасини амалга оширганлар аниқланди

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда

Тошкентда 50 миллион долларлик ноқонуний криптовалюта айланмаси фош этилди.

Наркотик ва психотроп моддалар ҳамда криптоактивларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноят иши очилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда "ҲСТ", "ВЕК" ва "РБМТ" МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар Телеграм ижтимоий тармоғида наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи халқаро "ТЕСЛА ШОП" гуруҳига тегишли 58 та Телеграм бот орқали сотилган наркотик ва психотроп воситалари учун келиб тушган 20,9 миллиард сўм маблағни 14 нафар хорижий фуқаро номига Ўзбекистон банкларида очилган 90 та сохта (дроп-) картага, 8 миллиард сўмини Пайнет фаолияти билан шуғулланувчи "ҲСТ" ва "ВЕК" МЧЖларга ҳамда 4,7 миллиард сўмини "СП" крипто-дўконига ўтказиб, кейинчалик ушбу ва бошқа маблағларни жамиятларнинг ҳисоб рақамларига ўтказганликлари аниқланди.

Улар аҳолига 621,2 миллиард сўмлик "Пайнет" хизматларини кўрсатиб, 90,3 миллиард сўмлик солиқ тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари, шунингдек, ушбу фаолиятдан орттирилган маблағлар ҳисобидан 50,5 миллион АҚШ доллари миқдорида ноқонуний криптоактивлар айланмасини амалга ошириб, шундан 2,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги криптоактивларни 14 нафар чет эл фуқаросининг валюта ҳисоб рақамларига ўтказиб, жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштирганликлари маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.