Тошкентда Миллий шаффофлик тизимининг онлайн-платформаси ишга туширилди

Тошкентда Миллий шаффофлик тизимининг онлайн-платформаси ишга туширилди
24 сентябрь куни Тошкентда Миллий шаффофлик тизимининг онлайн-платформасини расмий ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Бу платформа 21–24 сентябрь кунлари ўтказилган бир қатор семинар-тренинглар якуни бўлди.
Тадбир Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази, шунингдек, Expertise France ва Citepa экспертлари томонидан ташкил этилди. Лойиҳанинг асосий вазифаси — Кенгайтирилган шаффофлик тизими доирасида республиканинг иқлим бўйича мажбуриятлари юзасидан ҳисоботларни йиғиш, тизимлаштириш, бошқариш ва тайёрлаш жараёнларини рақамлаштиришдан иборат.
Ўқув семинарлари доирасида иштирокчиларга рақамли платформанинг архитектураси ва унинг асосий модуллари, жумладан, иссиқхона газлари чиқиндилари инвентаризацияси ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш чора-тадбирлари кўрсатилди. Платформа маълумотларни киритиш, ҳисоб-китобларни амалга ошириш, маълумотларни экспорт қилиш ва якуний ҳисоботларни тайёрлаш имконини беради. Тизимни навбатдаги Икки йиллик шаффофлик ҳисоботи (BTR 2) ва Иссиқхона газлари миллий кадастрини тайёрлаш жараёнига интеграция қилишга алоҳида урғу берилди.
Амалий машғулотлар натижаларига кўра, Миллий шаффофлик тизимининг онлайн-платформаси республиканинг тегишли идораларига расман топширилди ва амалий фойдаланишга киритилди.

