Маҳаллий

Тошкентда Ласетти билан тўқнашган 21 ёшли скутер ҳайдовчиси вафот этди

Юнусобод туманида Ласетти ва скутер иштирокидаги ЙТҲ оқибатида 21 ёшли йигит шифохонада вафот этди. Маълум бўлишича, у Тошкентга тўрт ой олдин келиб, етказиб бериш хизматида ишлаб келган. Ҳолат бўйича жиноий иш очилди.

Тошкентда Ласетти билан тўқнашув оқибатида 21 ёшли скутер ҳайдовчиси ҳалок бўлди.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 11-август куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жароҳат олган скутер ҳайдовчиси шифохонада вафот этди. Бу ҳақда “Миллий” телеканалининг “Миллар” дастурида маълум қилинди.

Хабарга кўра, 2002-йилда туғилган ҳайдовчи Ласетти русумли автомобилни бошқараётганида, 2003-йилда туғилган йигит бошқарувидаги электровелосипед (скутер) билан тўқнашган. ЙТҲ оқибатида оғир тан жароҳатлари олган скутер ҳайдовчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Марҳумнинг отаси ўғли комада бўлган вақтда шундай деган: “Ўғлим учинчи фарзандим, уч ой олдин Тошкентга келганди. Аввалига кунлик ишларда ишлади, кейин “доставка”га чиқди… Автоҳалокат бўлганини эшитдим ва туни билан ухлай олмай, Тошкентга йўл олдим. Шифокор ичкарига киритиб, ўғлимнинг аҳволи жуда оғирлигини айтди. У ҳушида эмас, комада эди. Уни бу аҳволда кўриб, чидай олмай йиғлаб юбордим… Охирги марта ўғлимни икки ой олдин уйга келганида кўргандим. Фалокат экан, ҳайдовчи ҳам атай қилмаган”.

Кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва ўтказилган жарроҳлик амалиётига қарамай, бемор 15-август куни кома ҳолатидан чиқа олмасдан, шифохонада вафот этди.

Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.