Маҳаллий

Тошкентда келаси йил жазирамагача кондиционерсиз автобус қолмайди — пойтахт транспорт бошқармаси

Тошкентда ҳаракатланаётган автобусларнинг 191 тасида кондиционер мавжуд эмас. ъКейинги йил жазирамагача кондиционерсиз автобуслар умуман қолмайдиъ, — дейди Миракбар Икромов. Пойтахт транспорт бошқармаси кондиционерли автобуслардаги муаммоларни эса йўловчиларнинг турлича талаблари билан изоҳлади.

Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромовнинг Газетаъга берган интервюсида маълум қилишича, келгуси йил ёзги жазирама бошлангунга қадар пойтахтда кондиционерсиз автобуслар қолмайди.

Ҳозирда Тошкентда 1700 дан ортиқ автобус қатновда бўлиб, уларнинг 191 тасида кондиционер мавжуд эмас. Бу автобуслар 2012-2013-йилларда ишлаб чиқарилган эски дизел транспорт воситаларидир.

Миракбар Икромовнинг сўзларига кўра, Президент топшириқлари ва белгиланган мақсадларга мувофиқ, жорий йилда эски дизел автобусларнинг 50 фоизидан воз кечиш режалаштирилган. Келгуси йил ёзги жазирама бошлангунга қадар эса кондиционерсиз автобуслар бутунлай йўқ қилинади. Чунки брутто талаблари асосида автобусларда совутиш ва иситиш тизимларининг мажбурий бўлиши белгиланган ва бу тендер шартларига киритилмоқда.

Айрим кондиционерли автобусларда ҳам уларнинг ишлатилмаётгани ҳақидаги саволга жавобан, Икромов бу ҳолат ўрганилганини ва бунга бир нечта сабаб борлигини айтди. Баъзи йўловчилар автобус ичи жуда совиб кетаётганини айтиб, кондиционерни ўчиришни сўраса, бошқалар ойнани ёпиб, кондиционерни ишлатишни талаб қилади. Шу сабабли барчага бирдек маъқул келадиган ҳароратни таъминлаш қийин. Яна бир сабаб кондиционернинг техник носозлиги бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳузурида рейслар сифати ва мониторинги билан шуғулланувчи давлат муассасаси ташкил этилган бўлиб, у ерда 50 нафар инспектор фаолият юритади. Улар жойига чиқиб, кондиционер ишламаётган автобусларни аниқлайди, рейс сифатини баҳолайди. Зарур ҳолларда автобус гаражга қайтарилиб, носозлик бартараф этилганидан кейингина йўналишга чиқарилади.

Миракбар Икромовнинг қўшимча қилишича, ҳар бир автобус кунлик рейсига мос ҳажмда ёқилғи билан таъминланади. Ёқилғи сарфи нафақат жазирамага, балки ҳайдовчи тажрибасига ҳам боғлиқ. Агар белгиланган меъёрларда ҳаракат қилинса, ёқилғи билан боғлиқ муаммо бўлмайди.

Автобуслар турли ёқилғи турларида ҳаракатланиши сабабли аниқ ўртача сарфни айтиш қийин. Ҳозирда 300-400 та автобус дизел ёқилғисида, қолганлари газда ҳаракатланади. Яна 528 та автобус электр қувватида ишлайди.

Миракбар Икромовнинг маълум қилишича, шу йил охирига қадар пойтахтга 240 та автобус олиб келиниши режалаштирилган. Улардан 200 таси “Тошшаҳартрансхизмат” томонидан, 40 таси эса хусусий тадбиркорлар томонидан харид қилинади.

2026-йилда Тошкент автобусларида кондиционерлар 7-майдан ёқила бошлаган эди. Ўшанда компания кондиционерлари носоз бўлган автобуслар йўналишларга чиқарилмаслигига ишонтирган ва юзага келадиган носозликларни тезкорлик билан бартараф этишга ваъда берган эди. Ҳайдовчилар билан совутиш тизимларидан тўғри фойдаланиш бўйича навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказиш режалаштирилган.

“Тошшаҳартрансхизмат” йўловчиларнинг ҳар бир мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилишини маълум қилиб, вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраган эди.

Таъкидлаш жоизки, 2018-йилгача пойтахт автобусларида кондиционерлар бўлмаган. Ҳозирда барча янги машиналар совутиш тизимлари билан жиҳозланган.