Тошкентда касалланган, қуриган ва шикастланган дарахтлар реестри яратилади
Тошкентда ҳоким қарори билан касалликларга чалинган, шикастланган, қуриган ва хавф туғдирадиган дарахт ҳамда буталар хатловдан ўтказилади. Натижаларга кўра, хавфли деб топилган дарахтлар ёки уларнинг қисмлари олиб ташланади. Маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклатилди.

Тошкентда касалланган, қуриган ва шикастланган дарахтлар реестри яратилади
Тошкентда давлат ўрмон фондига киритилмаган, касалликларга чалинган, шикастланган, табиий омиллар ва зараркунандалар туфайли қуриган, шунингдек, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган дарахт ва буталар хатловдан ўтказилади. Бу ҳоким Шавкат Умурзоқовнинг 7 октябрдаги қарорида кўзда тутилган.
Ўрганиш якунларига кўра, дарахт ва буталарнинг сони, тури, ҳолати, ёши, жойлашган жойи ва бошқа параметрлари кўрсатилган реестр шакллантирилади.
Ишга ҳокимнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ бошчилик қилади. У жойларга чиққан ҳолда дарахтларни ўрганиши, маълумотларни қайта ишлаши, умумлаштириши ва дарахтлар реестрига киритиши лозим. Аниқланган касалланган, қуриган ва хавф туғдирадиган дарахт ва буталар бўйича ҳудудга масъул шахслар уларни кесиш учун рухсатнома олишга ариза беришлари керак бўлади.
Маълумотлар бошқармалар, ташкилотлар ва корхоналар раҳбарлари томонидан тасдиқланиши ва имзоланиши лозим, улар маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар бўладилар. Тошкент шаҳар Экология бошқармасига тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун ўрганиш натижаларини танлаб олиш йўли билан жойида текшириш топширилди. Бошқарма ҳар чоракда пойтахт ҳокимлигига умумлаштирилган маълумотларни тақдим этиб боради.
Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета»га берган изоҳида қарорнинг асосий мақсадлари — «яшил майдонлар ҳолатининг холис манзарасини олиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни аниқлаш ва Тошкентнинг яшил фондини сақлаб қолган ҳолда шаҳарликлар хавфсизлигини таъминлаш» эканини таъкидлади.
«Касалланган, қуриган ва шикастланган дарахтларга алоҳида эътибор қаратилади. Аммо шуни тушуниш муҳимки, хавф ҳар доим ҳам бутун дарахтдан келиб чиқмайди. Баъзан, айниқса, кучли шамол ва ноқулай об-ҳаво шароитида алоҳида қуриган ёки шикастланган шохлар хавф туғдиради», — дея қайд этди маъмурият.

