Тошкентда каналга тушиб кетган 13 ёшли болани ресторан ходимлари қутқариб қолди
Тошкент шаҳри Олмазор туманида 13 ёшли бола сувга тушган коптокни олиш учун қувур устига чиқиб, каналга тушиб кетди. Уни сув бўйидаги ресторан ходимлари қутқариб қолди. Воқеадан сўнг у шифохонага олиб борилди, ҳозирги аҳволи яхши. Болани қутқарганларни тақдирлаш режалаштирилмоқда.

Тошкентда каналга тушиб кетган 13 ёшли болани ресторан ходимлари қутқариб қолишди
Тошкент шаҳри Олмазор туманида 13 ёшли бола сувга тушиб кетган коптокни олиш учун қувур устига чиқиб, каналга йиқилиб тушди. Уни сув оқимида олиб кетаётган пайтда сув бўйидаги ресторан ходимлари қутқариб қолишди.
Пойтахт ФВББ маълумотига кўра, ҳодиса Олмазор туманидаги сув бўйида жойлашган маҳаллалардан бирида юз берган. Болалар стадион яқинида тўп ўйнаётган пайтда тўп сувга тушиб кетган. 13 ёшли бола уни олиш учун катта қувур устига чиққан ва шу заҳоти сувга тушиб кетган.
Бола кучли оқимда оқиб кетаётганини сув бўйидаги ресторан ходимлари пайқаб қолган. Ходимлардан бири унинг ортидан сувга сакраган, кейин унинг устози ҳам ёрдамга тушган. Улар болага етиб олишга уринаётганида аввал бир дарахтни, кейин бошқасини ушлашган, аммо дарахтлар синиб кетган. Шундан сўнг улар сувда оқиб келаётган синган дарахтга таяниб, болани қирғоққа олиб чиқишган.
“Одамлар юқоридан ҳам болани қутқаришга уринган, чўп узатишган. Лекин оқим ўртада жуда тез эди. Сувга тушганимда бола талпиниб, устимга чиқиб олди, мени ҳам қарийб чўктириб қўйди”, — деди ресторан ходими.
Боланинг айтишича, у кўприк остида оқиб кетаётганда жуда қўрқиб кетган. Унинг сўзларига кўра, кўприк остида сув сатҳи билан кўприк орасида деярли жой қолмаган ва нафас олиши қийинлашган. Кейин ёруғликни кўриб, бошини сувдан чиқаришга муваффақ бўлган.
“Ҳаммаси тугади, деб ўйладим. Кейин ёруғлик кўринди ва дарҳол бошимни сувдан чиқардим. Икки киши сувга тушди, яна уч киши юқоридан тортиб чиқарди. Копток ёки бошқа нарса сувга тушса, оқиб кетаверсин. Одамнинг ҳаётидан қиммат нарса йўқ. Мени қутқарганлари учун раҳмат”, — деди у.
ФВББ вакили боланинг ҳозирги аҳволи яхши эканини маълум қилди. Воқеадан сўнг у шифохонага олиб борилган ва тиббий назорат остида. Унинг айтишича, бола ўз вақтида сувдан чиқариб олинмаганида, оқим уни ГЕС томон олиб кетиши ва ҳаётини сақлаб қолиш жуда қийин бўлиши мумкин эди.
ФВББ маълумотига кўра, болани қутқарган официантни тақдирлаш режалаштирилмоқда.
Болага пост-патрул хизмати инспектори ва бир эркак ёрдамга келиб, уни сувдан олиб чиққан.

