Тошкентда иссиқ сувдаги кимёвий ҳид сабаби ўрганилмоқда
Веолиа Энергй Ташкент пойтахтнинг бир қатор туманлари аҳолисидан иссиқ сувда нохуш кимёвий ҳид борлиги бўйича мурожаатлар тушганини маълум қилди. Компания сувни хонадонларга етказиб бериш билан шуғулланиши, асосий манбаи эса Тошкент ИЕМ эканини билдирди. Сув намуналари олиниб, ўрганиш бошланган.

Тошкентда иссиқ сувдаги кимёвий ҳид сабаби ўрганилмоқда
Веолиа Энергй Ташкент компанияси пойтахт аҳолиси иссиқ сувдан нохуш кимёвий ҳид келаётгани ҳақидаги шикоятларга изоҳ берди.
Бу борадаги мурожаатлар Мирзо Улуғбек, Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Юнусобод туманларидан келиб тушмоқда. Ўтган ҳафтада аҳоли, шунингдек, сувнинг лойқалиги ва босимнинг пастлигидан ҳам шикоят қилган эди.
Компания иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминотини етказиб берувчидан — бу ҳолатда “Тошкент иссиқлик маркази”дан — турар жойларгача етказиб бериш ва тақсимлашни амалга оширишини таъкидлади.
Веолиа Энергй Ташкентънинг аккредитациядан ўтган лабораторияси мутахассислари жойларга чиқиб, кимёвий-бактериологик ва органолептик таҳлил ўтказиш учун манбаларда ҳамда турар жойларда сув намуналарини олди. Таҳлил натижалари тадқиқотлар якунлангач эълон қилинади.
Сув сифати ҳақидаги маълумот ИЕМда технологик жараённи нормаллаштириш ва тармоқларни ювиш бўйича шошилинч чоралар кўриш учун Тошкент ИЕМ раҳбарияти ва техник хизматларига топширилди.
Веолиа Энергй Ташкент етказиб берувчи билан биргаликда сув таъминотининг меъёрий сифатини имкон қадар тезроқ тиклаш учун барча имкониятларни ишга солаётганини билдирди ва юзага келган ноқулайликлар учун узр сўради.

