Тошкентда ички ишлар инспектори 7,5 минг доллар олаётганда ушланди
У фуқарони сохта ҳужжатлар асосида хусусий ОТМга киритишга ёрдам бермоқчи бўлган.

Тошкентда ички ишлар инспектори 7,5 минг доллар олаётган пайтда қўлга олинди
ОТМга ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолат аниқланган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда олий таълим муассасасига ноқонуний тарзда ўқишга киритиш билан боғлиқ ҳолат фош этилди.
Жумладан, 1997-йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи шахс ўзганинг ишончига кириб, танишлари ёрдамида уни гўёки Россия Федерациясидаги олий таълим муассасаларидан бирида 2 йил ўқиганлиги ҳақидаги сохта ҳужжатлар асосида пойтахтдаги хусусий олийгоҳнинг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 8 минг АҚШ доллари сўраган ва 7500 доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Кейин тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахсдан 7500 АҚШ долларини олаётган пайтда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида рўйхатда туриб, Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи, 1993-йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинди.
Терговга қадар текширув жараёнида бу ноқонуний ишга Яккасарой тумани ИИО ФМБнинг инспектор-психологи ҳам алоқадор экани маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилди.
Натижада, инспектор ҳам 7500 долларни олаётган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

