Тошкентда Дамасъда 25 нафар боғча боласини ташиган “права”сиз ҳайдовчи аниқланди
Тошкентда 7 нафар йўловчига мўлжалланган Дамасъда 25 нафар боғча боласи олиб кетилаётгани аниқланди. Машина ҳайдовчиси эса маст ҳолда бошқаргани учун суд қарори билан ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилгани маълум бўлди.

Тошкентда Дамасъда 25 нафар боғча боласини ташиган “права”сиз ҳайдовчи аниқланди
Тошкентда 7 кишилик Дамасъда 25 нафар боғча боласини олиб кетган ҳайдовчи аниқлангани ҳақида пойтахт ИИББ хабар берди.
4-сентабр куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Оҳангарон кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори оқ рангли Дамасъни тўхтатиб, текширув ўтказди. Текширув чоғида транспорт воситасида белгиланган меъёрдан ортиқ одам ташилаётгани, яъни жами 25 нафар боғча боласи борлиги маълум бўлди.
Ҳайдовчининг ҳужжатлари кўздан кечирилганда, унинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлиги аниқланди. Маълум бўлишича, у аввал маст ҳолатда транспорт бошқаргани учун суд қарори билан ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Болаларни хавф остида қолдиргани учун ҳайдовчи уларнинг ота-онаси ва боғча ходимларидан узр сўраб, келгусида қонунга риоя қилишга ҳаракат қилишини билдирди.
Транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди.
Болалар боғчалари тарбияланувчиларини хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда 4−7 ўринли автомобилларда ташиш Ўзбекистонда анча кенг тарқалган.
Рулда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган оилавий боғча раҳбари бўлган. Ҳодиса оқибатида аёл вафот этган, болалар турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.
Шундан сўнг ЙҲХХ 1−8-май кунлари болаларни транспортда меъёрдан ортиқ ташиш билан боғлиқ 125 та ҳолатни аниқлаган. Идора ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошевга кўра, айрим ҳолатларда Дамасъларда 25−28 нафаргача, Спарк автомобилларида эса 18 нафаргача бола ташилган.
Таъкидлаш жоизки, бундай қоидабузарликнинг оғир оқибатлари ҳақида мунтазам хабар ва огоҳлантиришлар бериб келинаётгани ҳамда назорат тадбирлари ўтказилаётганига қарамай, йўлларда болалар ҳаётини хавфга қўйиб, уларни сиғимдан ортиқ ташиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

