Тошкентда автобус ва метро йўл ҳақи нархи оширилиши мумкин — Транспорт вазирлиги сабабларини тушунтирди

Тошкентда автобус ва метро йўл ҳақи оширилиши мумкин — Транспорт вазирлиги сабабларини маълум қилди
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши жамоат транспортида йўл ҳақи тарифларини қайта кўриб чиқиш лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ушбу лойиҳа юзасидан батафсил тушунтириш берди.
Ҳужжатга кўра, 1 октябрдан қуйидаги тарифларни белгилаш таклиф этилмоқда:
электрон тўлов амалга оширилганда автобус ёки метрода бир марталик йўл ҳақи — амалдаги 1700 сўм ўрнига 2500 сўм;
нақд пул билан тўланганда — 3000 сўм, ўзгаришсиз қолади;
багаж ташиш — 4000 сўм.
Бундан ташқари, лойиҳада доимий йўловчилар учун абонементлар, шунингдек, жамоат транспортининг бир туридан бошқасига ўтиш учун алоҳида тарифлар назарда тутилган.
Вазирлик йўл ҳақининг ҳар қандай ўзгариши аҳолининг кундалик харажатларига бевосита таъсир қилишини таъкидлади. Шу боис, жамоат транспорти фаолияти харажатлари нималардан иборат эканлигини ва йўловчи ушбу тўлов эвазига қандай хизматларни олиши кераклигини очиқ тушунтириш муҳимдир.
Ҳозирда пойтахт жамоат транспорти ҳар куни 2,5 миллионга яқин йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Тошкент шаҳри кенгайиб, аҳоли сони ортиб бориши билан мунтазам ва қулай транспорт хизматларига бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳаракатланувчи таркиб сони деярли икки бараварга кўпайди, автобуслар сони эса 1900 тага яқинлашди. Ҳаракатланишнинг ўртача интервали 30 дақиқадан 15 дақиқагача қисқарди. Йўналишлар тармоғи ҳам янги турар жой мавзелари ва пойтахтга туташ ҳудудлар ҳисобига кенгаймоқда.
«Бироқ ҳаракатланувчи таркибни сотиб олишнинг ўзи кифоя эмас. Унинг ҳар куни йўналишларга чиқишини ва техник созлигини таъминлаш зарур. Харажатлар таркибига машинистлар, ҳайдовчилар ва техник ходимларнинг иш ҳақи, ёқилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар ва шиналар, ҳаракатланувчи таркибга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, депо ва қувватлаш инфратузилмасини сақлаш, салонларни тозалаш, шунингдек, диспетчерлик, навигация ва электрон тўлов тизимлари фаолияти киради», — дейилади идора тушунтиришида.
Вазирлик маълумотларига кўра, амалдаги тариф ушбу харажатларнинг фақат бир қисмини қоплайди. Ташишларни молиялаштириш бўйича асосий юклама ҳамон давлат бюджети зиммасига тушмоқда.
Идорада таъкидланишича, тарифнинг эҳтимолий ўзгариши ташувчиларга қўйиладиган аниқ талаблар билан бир вақтда кўриб чиқилиши керак. Гап қатновларнинг мунтазамлиги, белгиланган ҳаракат интервалларига риоя қилиниши, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва тозалиги, йўловчилар хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш маданияти ва йўналишлар тармоғини янада кенгайтириш ҳақида бормоқда.
Фуқаролар тарифларни ўзгартириш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси билан 19 сентябрга қадар танишишлари ҳамда ўз таклиф ва мулоҳазаларини юборишлари мумкин. Келиб тушган барча мурожаатлар якуний қарор қабул қилишда кўриб чиқилади.

