Тошкентда автобус ҳайдовчиларининг маоши бекатларни ташлаб ўтгани учун қисқартирилмоқда. Видео

Тошкентда автобус ҳайдовчиларининг маоши қолдириб ўтилган бекатлар учун камайтирилмоқда. Видео
Пойтахт автобуси ҳайдовчиси йўналишда кўзда тутилган бекатдан тўхтамай ўтиб кетса, маошининг 5 фоизидан маҳрум қилиниши мумкин. Қоидабузарликлар такрорланса, ишдан бўшатишгача бориши мумкин.
Нарбаевнинг сўзларига кўра, автобуслар ҳаракати GPS орқали назорат қилинади. Тизим ҳайдовчи йўналишда кўзда тутилган нуқтада тўхтаган-тўхтамаганини аниқлаш имконини беради. Агар у тўхтамасдан ўтиб кетса, унга нисбатан интизомий чоралар қўлланилиши ва маошидан 5 фоиз ушлаб қолиниши мумкин.
Агар ҳайдовчи GPS-ни ўчириб қўйса ва қоидабузарликни тизим орқали кузатиш имкони бўлмаса, йўловчилардан бундай ҳолатлар ҳақида 1062 қисқа рақамига хабар бериш сўралади. Компанияда бундай мурожаатлар алоҳида кўриб чиқилишига ваъда берилмоқда.
Бир неча бор содир этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчи ишдан айрилиши мумкин. Уч ва ундан ортиқ шундай ҳолатлардан кейин иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик олиш учун касаба уюшмасига мурожаат қилиши мумкин. Бунда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилади.
«Тошшаҳартрансхизмат»да амалдаги чоралар ҳозирча етарли эмаслигини ҳам тан олишади. Нарбаевнинг сўзларига кўра, айрим ҳайдовчилар ҳали ҳам назорат тизимини четлаб ўтиш йўлларини, жумладан, GPS-ни ўчириб қўйишни изламоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент Кичик ҳалқа автомобиль йўлида 12 та светофор «яшил тўлқин» тамойили бўйича синхронлаштирилди. Соатига 50–60 километр тезликда автомобиллар минимал тўхташлар билан тахминан 5 километр масофани босиб ўтишлари мумкин.

