Тошкентда 5 млрд сўмга яқин буджет пуллари кешбек сифатида талон-торож қилинди
Прокуратура департаменти ва солиқ қўмитаси тезкор тадбирлар ўтказди.

Тошкентда қарийб 5 миллиард сўм миқдоридаги буджет маблағлари кешбек тизими орқали ўзлаштирилгани маълум бўлди. Хусусан, пойтахтда 4,7 миллиард сўм буджет пули кешбек сифатида талон-торож қилинган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган терговга қадар текширувда "Г.М." МЧЖ масъул шахслари компютер техникасидан фойдаланиб, гўёки 76,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар сотиб олингани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирган. Улар савдодан тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида сохта харид чекларини чиқарганлар. Бу чеклар Телеграм орқали ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган 2 475 нафар шахсга 70-150 минг сўмдан сотилган. Натижада, Солиқ Мобиле иловаси орқали 7,5 миллиард сўм кешбек ҳисобланган ва шундан 4,1 миллиард сўм тўлаб берилиб, буджет маблағлари ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.
Шунга ўхшаш ҳолат Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими томонидан Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда ҳам аниқланган. "Э.Г." ва "И.Ф." МЧЖларнинг масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, компютер техникасидан фойдаланган ҳолда гўёки 10 миллиард сўмлик маҳсулотлар харид қилингани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирганлар. Улар савдодан тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида сохта харид чекларини чиқарганлар. Бу чеклар Телеграм орқали ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган 1 812 нафар шахсга 100-150 минг сўмдан сотилган. Натижада, Солиқ Мобиле иловаси орқали 1 миллиард сўм кешбек ҳисобланган ва шундан 640,8 миллион сўм тўлаб берилиб, буджет маблағлари ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

