Маҳаллий

Тошкентда 3 ёшли боласига ухлатувчи дори бериб, қийнаб келган онага жиноят иши қўзғатилди

Яшнобод туманида 3 ёшли боласига ухлатувчи дори бериб, унга нисбатан муттасил жисмоний зўравонлик қилиб келган онага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Болага ҳимоя ордери берилиб, вақтинча васийлик тайинланди. Ҳозирда аёлни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжатлар судга тайёрланмоқда.

Тошкентда 3 ёшли фарзандига ухлатувчи дори бериб, унга мунтазам равишда қийноқлар қўллаган она устидан жиноий иш очилди. Бу ҳақда Болалар омбудсманининг матбуот хизмати маълум қилди.

Яшнобод туманида яшовчи 37 ёшли А.Т. исмли аёлнинг 3 ёшли ўғли А.I.ga нисбатан доимий жисмоний зўравонлик қилаётгани, унга ухлатувчи дори бериб, қаровсиз қолдираётгани ҳақида бир гуруҳ фуқаролар Болалар омбудсмани котибиятига мурожаат қилган.

Ушбу мурожаат асосида Болалар омбудсманининг расмий сўрови билан ички ишлар органлари ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ҳолат ўрганиб чиқилди. Текширувлар натижасида болага нисбатан мунтазам тазьиқ ва қийнаш ҳаракатлари содир этилгани тасдиқланди. Шу сабабли, Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) билан жиноий иш қўзғатилди ва болага ҳимоя ордери расмийлаштирилди.

Ҳозирда боланинг соғлиғини тиклаш учун барча зарур тиббий муолажалар кўрсатилган бўлиб, унинг аҳволи барқарор. Туман васийлик ва ҳомийлик органи боланинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида унга вақтинча васийлик тайинлади. Ота-оналик мажбуриятларини бажармагани учун А.T.ni оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжатлар судга тайёрланмоқда.

Болалар омбудсмани ушбу ишни боланинг хавфсиз ва соғлом муҳитда яшашини таъминлаш мақсадида ўз назоратида сақлаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, 2023-йилда Болалар омбудсмани номига 1934 та мурожаат келиб тушган. Болаларга нисбатан зўравонлик бўйича 19 та жиноий ва 26 та маъмурий иш очилган. Бола ҳуқуқлари бузилиши юзасидан 2 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома, 25 та хулоса ва 3 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган.

Ижтимоий ҳимоя агентлиги болаларга нисбатан зўравонлик ва шафқациз муносабат ҳолатлари ҳақида аноним тарзда хабар бериш мумкин бўлган 1246 қисқа рақамли ишонч телефонини ишга туширган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.