Тошкентда 288 млн долларлик йирик логистика маркази қурилади
БААнинг ДП Ворлд компанияси октабр ойида Тошкентда йирик логистика маркази қурилишини бошлашни режалаштирмоқда. Қиймати 288 млн долларга баҳоланаётган мажмуа йилига 20 млн тоннагача юк ва 150 мингта контейнерга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Тошкентда 288 миллион долларлик улкан логистика маркази барпо этилади.
Бирлашган Араб Амирликларининг ДП Ворлд компанияси Тошкент шаҳрида йирик логистика маркази қурилишига 288 миллион доллар миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги Украина транспорт стратегиялари маркази маълумотларига таяниб хабар берди.
Лойиҳа доирасидаги қурилиш ишлари жорий йилнинг октабр ойида бошланиши кутилмоқда. ДП Ворлд вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни мажмуанинг тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этишга таклиф қилишган.
Янги логистика маркази йилига 20 миллион тоннагача юк ва 150 мингта контейнерга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиши прогноз қилинмоқда.
Мажмуа таркибида темирйўл алоқасига эга қуруқ порт, божхона инфратузилмаси ва замонавий омборхона қувватлари ташкил этилади.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида умумий майдони 63 минг квадрат метр бўлган омборхона мажмуаси ҳамда темирйўл терминалини қуриш кўзда тутилган.
ДП Ворлд компаниясининг баҳолашича, ушбу янги марказ юк ташиш самарадорлигини оширишга, Ўзбекистоннинг транспорт боғлиқлигини яхшилашга ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистон орқали ўтувчи юк оқимларига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириб, Марказий Осиёнинг логистика салоҳиятини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.

