Тошкентда 2,4 километрлик микромобиллик йўлаги синовдан ўтказилди

Тошкентда 2,4 километрлик микромобиллик йўлаги синовдан ўтказилди
Тошкент шаҳридаги Лутфий кўчасининг 2,4 километр қисмида велосипед, электросамокат, электроскутер ва бошқа микромобиллик воситалари учун алоҳида йўлак ташкил этилиб, синовдан ўтказилди. ЙҲТЕМ ушбу тажрибани пойтахтнинг бошқа кўчаларида ҳам қўллаш имкониятларини ўрганмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади микромобиллик воситалари, автомобиллар ва пиёдалар оқимини бир-биридан ажратишдан иборат. Алоҳида инфратузилма бўлмаган жойларда велосипед ва скутер фойдаланувчилари автомобиллар билан қатнов қисмида ёки пиёдалар билан тротуарда бир маконда ҳаракатланишга мажбур бўлади.
Лутфий кўчасидаги пилот йўлак велосипедлар, электросамокатлар, электроскутерлар ва бошқа микромобиллик воситалари учун мўлжалланган. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотига кўра, синов жараёнида янги ечим фойдаланувчилар учун қулай ва тушунарли экани, шунингдек, шаҳарда микромобиллик учун алоҳида инфратузилма яратиш имкониятларини амалда баҳолашга ёрдам бергани кузатилган.
Келгусидаги лойиҳаларда бундай йўлакларни автомобиллар ҳаракатидан делинеаторлар, ажратувчи ва бошқа ҳимоя элементлари ёрдамида жисмонан ажратиш режалаштирилмоқда. Бу микромобиллик воситалари фойдаланувчиларининг хавфсизлигини ошириш ва автомобиллар билан тўқнашув хавфини камайтиришга қаратилган.
Марказнинг қайд этишича, мақсад автомобиллар, пиёдалар ва микромобиллик воситалари учун аниқ ва алоҳида ҳаракатланиш маконини шакллантиришдир. Лутфий кўчасидаги синов натижалари асосида пойтахтнинг шундай ечимни жорий этиш мумкин бўлган бошқа кўча ва ҳудудлари ҳам ўрганилмоқда.
Август ойи охирида Амир Темур хиёбонида “Яшил тўлқин” ишга туширилганини эълон қилганди. Ҳудуддаги барча 5 та светофор ўзаро синхронлаштирилиб, ягона “яшил тўлқин” алгоритми асосида ишламоқда. Сентябр бошида эса тизим Махтумқули кўчасида ҳам ишга туширилган.

