Тошкентда 15 декабргача автобусларнинг олди қисми ЙҲҚ қоидабузарликларини қайд этиш учун камералар билан жиҳозланади

Тошкентда 15 декабргача автобусларнинг олди қисми йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи камералар билан жиҳозланади
Тошкентда 15 декабргача шаҳар автобусларининг олди қисмига мобил видеокамералар ўрнатиш амалиётини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Тегишли топшириқ пойтахт ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда "Тошшаҳартрансхизмат" компаниясига пойтахт Халқ депутатлари Кенгаши қарори билан берилди.
Ускуналар автобуслар йўналишлар бўйлаб ҳаракатланаётган вақтнинг ўзида йўл ҳаракати қоидабузарликларини автоматик режимда қайд этади. Қурилмаларни Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ягона маълумотлар базасига интеграция қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 1 ноябрдан бошлаб мутасадди идораларга жамоат транспорти учун мўлжалланган "А" ажратилган бўлакларида енгил ва шахсий автомобилларнинг ноқонуний ҳаракатланиши ва тўхтаб туришининг олдини олиш бўйича мунтазам рейдларни кучайтириш топширилди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада пойтахтнинг Лутфий кўчасида автобус бўлакларини назорат қилиш учун стационар камералар ўрнатилди. Видеоёзувлар асосида ҳайдовчилар автобус ва велосипедистлар учун мўлжалланган бўлакларга чиққани, тўхтагани ва тўхтаб тургани учун жаримага тортилмоқда. Бунга ўхшаш фото ва видеоқайд этиш мажмуалари аввалроқ Фарғона йўли кўчасининг иккала йўналишдаги 6 километрлик қисмида пайдо бўлган эди.

