Тошкент вилоятида қўйларини қайтаришни талаб қилган синфдошини ўлдирган чўпон 19 йилга қамалди

Тошкент вилоятида ўз синфдошини ўлдирган чўпон 19 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу воқеа Паркент туманида содир бўлган бўлиб, чўпон синфдошининг қўйларини қайтариш талабига жавобан уни ўлдирган. “Дарё” нашри суд ҳужжатлари билан танишиб, тафсилотларни маълум қилди.
1985-йилда Тошкент шаҳрида туғилган Соҳибназар Қирғизбоев (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 2023-йил апрелидан бошлаб Паркент туманидаги тоғасига тегишли фермер хўжалигида чўпонлик қилган.
**Қўйларни кўпайтириш ваъдаси**
Ўша йилнинг ноябр ойида Соҳибназар синфдоши Темурқобил Ойбулоқов билан учрашган. Суҳбат давомида Соҳибназар Темурқобилга қўй сотиб олиб берса, уларни фермер хўжалиги чорвасига қўшиб боқиш ва кўпайтиришни таклиф қилган. Темурқобил бу таклифга рози бўлган. Келишувга кўра, у 2023–2024-йиллар давомида Соҳибназарга дастлаб 9 бош, кейинчалик яна 40 бош қўй сотиб олиш учун жами 60 миллион сўм берган.
Соҳибназар қўйларни бир муддат боққан, бироқ қарзлари кўпайиб кетгач, 2024-йил декабр ва 2025-йил январ ойларида барча қўйларни сотиб юбориб, пулларни шахсий қарзларини тўлашга сарфлаган.
Бундан ташқари, у Темурқобилнинг таниши Мирзоҳидга ҳам қўйларни боқиб, кўпайтириб беришни ваъда қилиб, ундан 31,5 миллион сўм олган. Бу пулларга 9 бош қўй сотиб олиб, уларни маълум муддат боққач, сотиб юборган.
Соҳибназарнинг қўйларни кўпайтириб бериш ваъдасига ишонганлар фақат Темурқобил ва Мирзоҳид бўлмаган. У яна бир таниши — Эломонга ҳам ўзини тажрибали чўпон сифатида таништириб, пул берса, қўйларни фермер хўжалиги чорвасига қўшиб боқишни таклиф қилган. Эломон ҳам таклифга ишониб, 2024-йил октябридан 2025-йил мартигача унга бўлиб-бўлиб жами 60 миллион сўм берган. Соҳибназар пулга қўйлар сотиб олингандек кўрсатиш мақсадида Эломонга видеолар юбориб, ҳисобот бериб турган. Аслида эса у берилган пулларга бирорта ҳам қўй сотиб олмаган, аксинча, олти ой давомида йиғилган 60 миллион сўмни бошқа қарзларини тўлашга сарфлаб юборган.
**Қўйларни кўрсатиш баҳонасида адирга олиб чиққан**
2025-йил ёзига келиб, Темурқобил ва Мирзоҳид қўйларни қайтаришни қатъий талаб қила бошлаган. Бироқ Соҳибназарда сотиб юборилган қўйларни қайтариш ёки уларнинг пулини тўлаш имконияти бўлмаган. У ҳақиқатни айтиш ўрнига, турли баҳоналар билан уларни чалғитишга уринган.
Икковлон қўйларини талаб қилавергач, Соҳибназар уларга қўйлар “Кумушкон” маҳалласидаги Олтинбел қир-адирлигида боқилаётганини айтган. Ва ниҳоят, 2025-йил 30-сентябр куни у қўйларни кўрсатиш ва қайтариб беришни ваъда қилиб, икки танишини соат 23:00 лар атрофида адирга бошлаб борган.
Улар адир бўйлаб кетаётганида, Соҳибназар олдинда юрган Мирзоҳиднинг қўлларини орқасига қайириб, унинг бошига зарба берган. Бироқ Мирзоҳид қаршилик кўрсатиб, унинг қўлидан чиқиб кетган. Шовқинни эшитган Темурқобил Соҳибназарни тўхтатиш учун унинг ёнига келиб, бундай қилмасликни сўраган. Аммо чўпон унга ҳам ташланган. Темурқобилнинг юзига кутилмаганда зарба бериб йиқитган, сўнг ердаги тошни олиб, унинг бошига икки марта урган. Олинган оғир тан жароҳатлари оқибатида Темурқобил воқеа жойида вафот этган.
Шундан сўнг Соҳибназар Мирзоҳидни ҳам ўлдиришга уриниб, унинг ортидан тош отган. Бироқ Мирзоҳид қоронғиликдан фойдаланиб, воқеа жойидан қочишга улгурган.
**Судда қилмишини “стресс” билан изоҳлаган**
Соҳибназар судда қўйларни сотиб юборганини ва жабрланувчиларга тегишли пулларни бошқа қарзларини тўлашга сарфлаганини тан олган. “Улар қўйларни қайтаришимни талаб қилиб, мени ҳақорат қила бошлашди. Шу сабабли стресс ҳолатига тушиб, нима қилаётганимни билмай қолдим”, деган у суддаги кўрсатувида.
Мирзоҳид эса улар ўртасида ҳеч қандай жанжал бўлмагани ва Соҳибназарни ҳақорат қилмаганини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Паркент туман суди ҳукми билан Соҳибназар Қирғизбоев Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж” ва “и” бандлари, 25-моддаси орқали 97-моддаси 2-қисми “а” ва “и” бандлари, 167-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари ҳамда 168-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан унга жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, ундан жабрланувчилар фойдасига 231,5 миллион сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш белгиланган.

