Тошкент вилоятида қарийб 6,4 млрд сўмлик қарздорликка кўз юмган “Энергосавдо” бўлим бошлиғи судланди

Тошкент вилоятида қарийб 6,4 миллиард сўмлик қарздорликка эътиборсизлик қилган "Энергосавдо" бўлим бошлиғи суд қарори билан жазоланди. Бекобод туманида мансаб ваколатини суиистеъмол қилган "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ "Энергосавдо" филиали туман бўлими бошлиғига 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда "Дарё" суд ҳужжатига таяниб хабар берди.
Маълум бўлишича, 1985-йилда туғилган М.М. 2025-йил 14-августдан бошлаб "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ "Энергосавдо" филиали Бекобод туман бўлимига раҳбар этиб тайинланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 31-майдаги қарори билан тасдиқланган қоидаларга кўра, маиший истеъмолчилардан ташқари барча харидорларга электр энергияси 100 фоиз олдиндан тўлов асосида етказиб берилиши шарт. Қарзи бўлган юридик шахслар эса тармоқдан узилиши лозим.
Бироқ М.М. тумандаги 17 та йирик истеъмолчини – фермер хўжаликлари ва МЧЖларни – электр ҳисобини юритиш дастурида тармоқдан узмаган. Ўша пайтда уларнинг электр энергияси учун умумий қарзи 6 миллиард 371 миллион сўмга етган. Бу тумандаги умумий қарздорликнинг 11 фоизини ташкил этган. Суд ҳужжатига кўра, бу ҳолат натижасида давлатга 1 миллиард 590 миллион 300 минг сўм зарар етказилган.
17 та истеъмолчи орасида энг катта қарздорлик фермер хўжаликларидан бирида қайд этилган бўлиб, у 1 миллиард 497 миллион 800 минг сўмни ташкил қилган. Яна бир фермер хўжалиги 873 миллион 800 минг сўм, МЧЖлардан бири эса 498 миллион 200 минг сўм қарздор бўлган. Энг кичик қарздорлик 44 миллион 200 минг сўмга тенг бўлган.
Қарздорлиги сабабли тармоқдан узилган юридик шахс қайта уланганда, ундан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида тўлов ундирилиши керак эди. Аммо М.М. 2025-йил август—декабр ойларида 46 та истеъмолчини ушбу тўловни ундирмасдан қайта улаб берган. Ундирилмаган тўловлар жами 189 миллион 150 минг сўмни ташкил этган.
Ўрганиш давомида 17 та шоличилик хўжалиги қарздорлиги тўлиқ ундирилмаган ҳолда 4 миллиард 470 миллион сўмлик электр энергиясидан фойдалангани ҳам аниқланган. Уларнинг дебитор қарздорлиги бир йил ичида 5 миллиард 262 миллион сўмдан 7 миллиард 961 миллион сўмга, яъни 2,7 миллиард сўмга ошган.
Мазкур ҳолатлар Тошкент вилояти прокуратурасининг 2026-йил 20-февралдаги талабномаси асосида ўтказилган ўрганиш натижасида аниқланган. Шундан сўнг "Энергосавдо" филиалида хизмат текшируви ўтказилган.
Текширувда тумандаги 236 та қишлоқ хўжалиги истеъмолчисининг жами қарзи 61,5 миллиард сўмни ташкил қилгани аниқланган. Шунингдек, қарздорлиги сабабли 253 та истеъмолчи тармоқдан ажратилгани маълум бўлган. Қарзи учун узилган 93 та истеъмолчининг биллинг дастуридаги ҳисобварағига "ўчириш ва ёқиш хизмати" учун тўлов киритилмагани ҳам аниқланган. Ушбу камчилик текширув давомида бартараф этилган.
Хизмат текшируви хулосасида М.M.dan ташқари бўлимнинг аввалги раҳбари ҳамда яна бир масъул ходим ўз хизмат вазифаларини тўлиқ бажармагани қайд этилган.
Судда ўчириш гуруҳи устаси қарздорлиги қопланмаган истеъмолчиларни тармоққа бўлим бошлиғининг топшириғи билан улаганини билдирган. Суд ҳужжатига кўра, М.М. ҳам бу ҳолатни тасдиқлаган.
"Ишлаган давримда бирор-бир шахсдан моддий ёки бошқача тарзда манфаатдор бўлмаганман", — дея кўрсатма берган судланувчи.
М.М. айбига иқрор бўлган. У бу ҳолатни бошқа такрорламаслигини, 2,7 миллиард сўмга ошган қарздорликнинг 2,4 миллиард сўми қопланганини билдирган. Шунингдек, қайта улаш тўлови ундирилмаган 46 та ҳолатнинг ярми бартараф этилганини айтиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Суд М.M.ning айбига иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарнинг бир қисми қоплангани, шунингдек, оилавий шароити ва қарамоғида уч нафар фарзанди борлигини инобатга олган.
Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман суди М.M.ni Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми "а" банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан айбдор деб топган. Унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, М.М. 1 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари оқибатида давлатга салкам 4 миллиард сўм зарар етгани ҳақида хабар берилганди.

