Тошкент вилоятида ичимлик суви ва оқова сув тарифлари оширилмоқда
1 октябрдан Тошкент вилоятида ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифлари оширилади. Аҳолининг асосий қисми учун бир кубометр сув нархи ҚҚС билан бирга 19,2 фоизга ошиб, 3472 сўмни, оқова сув эса 15,4 фоизга ошиб, 1680 сўмни ташкил этади. Бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар учун ўсиш 6,7 фоиздан 33,3 фоизгача бўлади.

Тошкент вилоятида ичимлик суви ва канализация тарифлари қайта кўриб чиқилди
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ичимлик суви ва канализация хизматлари учун янги тарифларни тасдиқлади. Аҳолининг асосий қисми учун бир кубометр сув нархи ҚҚСсиз 19 фоизга — 2600 сўмдан 3100 сўмгача, оқова сув (канализация) хизмати эса 15 фоизга — 1300 сўмдан 1500 сўмгача ошади.
Кенгаш қарори 16 сентябрь куни қабул қилинган. Янги тарифлар ҳужжат расман эълон қилинганидан кейин 15 кун ўтгач — 1 октябрдан кучга киради.
«Тошкент вилояти сув таъминоти» томонидан хизмат кўрсатиладиган аҳоли учун бир кубометр сув нархи ҚҚС билан бирга 19,2 фоизга — 2912 сўмдан 3472 сўмгача, оқова сув хизмати эса 15,4 фоизга — 1456 сўмдан 1680 сўмгача ошади.
Бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар учун бир кубометр ичимлик суви ҚҚС билан бирга 16 800 сўмдан 17 920 сўмгача (6,7 фоизга), оқова сув хизмати эса 3360 сўмдан 4480 сўмгача (33,3 фоизга) қимматлашади.
«Чимён-Чорвоқ магистрал сув таъминоти» томонидан хизмат кўрсатиладиган ҳудудлар учун алоҳида тарифлар белгиланди. Аҳоли учун ичимлик суви ҚҚС билан бирга 1680 сўмдан 1904 сўмгача (13,3 фоизга), оқова сув хизмати эса 1288 сўмдан 1512 сўмгача (17,4 фоизга) ошади.
Тошкент вилоятида тарифлар охирги марта 2025 йил 1 июлдан оширилган эди: ўшанда аҳоли учун сув таъминоти ўртача 26,7−36,4 фоизга, канализация хизматлари тўлови эса хизмат кўрсатувчи ташкилотга қараб 30 фоизга (айрим ҳолларда деярли 3,8 бараварга) ошганди.
2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтади.

