Тошкент ва Навоийда ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиб, давлатга 468,4 млн сўмлик зарар етказилгани аниқланди

Тошкент ва Навоийда ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлатга 468,4 млн сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди
Тошкент шаҳри ҳамда Навоий вилоятида ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш орқали давлатга 468,4 млн сўмлик зарар етказилгани аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент маълум қилди.
Аниқланишича, терговга қадар текширув давомида “М.О.” МЧЖ масъул шахслари “Нафосат” МФЙдаги қурилиш обьектини сув тармоғига ўзбошимчалик билан улагани аниқланган. Улар ичимлик сувидан тижорат мақсадида фойдаланиб, 366,6 млн сўмлик зарар етказган.
Шунингдек, Департаментнинг Зарафшон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “З.Г.” МЧЖ раҳбари Ш.Т. корхона биносини умумий фойдаланишдаги ичимлик суви тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 101,8 млн сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижонда ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида 680 млн сўмлик зарар етказилгани ва зарарни камайтиришни ваъда қилган амалдор 30 млн сўм олаётганда ушланганди. Шунингдек, 2025-йилда сув тармоқларига 3 899 та ноқонуний уланиш аниқлангани ва улар оқибатида 76,2 млрд сўмлик зарар етказилгани маълум қилинганди.

