Тошкент узра бир неча кун лаборатория самолёти учади

Тошкент осмонида бир неча кун давомида лаборатория самолёти учади.
20-августдан бошлаб Тошкент шаҳри узра "Авион лаборатория" ҳаво кемаси ёрдамида мунтазам парвоз текширувлари ўтказилади.
"Ўзаеронавигация" марказининг маълумотига кўра, бу навбатдаги режали текширув бўлиб, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИСАО) ва Ўзбекистон фуқаро авиациясининг амалдаги меъёрий ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Текширувдан мақсад радиотехник воситаларнинг белгиланган талабларга мослигини ҳамда ҳаво кемаларининг хавфсиз ва мунтазам парвозини таъминлашдир. Бу ишлар "Авиа Навигация" компаниясининг Диамонд лаборатория ҳаво кемаси ёрдамида бажарилади.
Ушбу режали парвозлар бир неча кун давом этади. Текширув жараёнида самолётлар пойтахт узра тахминан 1000 метр баландликда турли йўналиш ва манёврларда 6 соатгача парвоз қилиши мумкин. Улар бир ҳудуд устидан бир неча бор учиб ўтиши ва одатдагидан фарқли манёврларни амалга ошириши мумкин.
Марказ хабарида айтилишича, "бу парвозлар режали текширув жараёнининг бир қисми бўлиб, хавотирланиш учун ҳеч қандай асос йўқ".
Ўзбекистонда апрел ойида махсус вазифаларни бажаришга ихтисослашган "Авион" авиакомпанияси ташкил этилган эди. У "Ўзаеронавигация" маркази томонидан йўлга қўйилган бўлиб, аеродромларнинг радиотехника воситалари ва ёруғлик-сигнал ускуналарини текшириш ҳамда калибровка қилишга ихтисослашган.
Ўша ойда Диамонд лаборатория ҳаво кемаси ёрдамида Фарғона аеродромида илк бор радиотехника воситалари текширилган эди.

