Маҳаллий

Тошкент шаҳрида яшил ҳудудлар сақлаб қолиниши шарт – Урбанизация миллий қўмитаси

Қўмита шаҳар марказидаги яшил ҳудудлар қисқариши, жамоат жойлари ўрнида конструктив қурилишлар бўлиши мутлақо мақсадга мувофиқ эмаслигини қайд этган.

Тошкент шаҳрида яшил ҳудудлар сақланиб қолиши лозим – Урбанизация миллий қўмитаси

Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси Тошкент шаҳридаги айрим яшил ҳудудлар ўрнида автотураргоҳ қурилиши ҳамда жамоат парки режалаштирилган ҳудудларнинг ауксион савдоларига чиқарилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Қўмита шаҳар марказидаги мавжуд яшил майдонлар камайиши, аҳоли сайр қилиши ва дам олиши учун қулай жамоат жойлари ўрнида конструктив қурилишлар амалга оширилиши мутлақо мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлади.

«Автотураргоҳлар ташкил этишда кўкаламзор майдонлар қисқаришига ҳамда пиёдалар учун яратилган шароитлар ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги керак», – дейилади баёнотда.

Шунингдек, «Наврўз» боғига тегишли кўчмас мулк обьектларидан бирининг ер майдонида ҳукумат қарорига мувофиқ жамоат парки барпо этилишини таъминлаш зарурлиги қайд этилган.

Миллий қўмита Тошкент шаҳридаги мавжуд яшил ҳудудлар қисқаришининг олдини олиш, жамоат парки учун белгиланган ҳудудни сақлаб қолиш, ундан фақат белгиланган мақсадларда фойдаланиш ва аҳоли манфаатларини таъминлаш шарт, деган фикрда эканини билдирган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг орқа ҳудудида жойлашган 1,3 гектарлик ер участкасида давлат-хусусий шериклик асосида автотураргоҳ қуришни режалаштирмоқда. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг тегишли қарори қабул қилинган.

Ер участкаси 514 млн сўм билан электрон ауксионга чиқарилади. Ер участкасини 10 йил муддатга оладиган хусусий шерик 10 млрд сўмлик инвестиция киритиши керак бўлади.

Шартларга кўра, автотураргоҳда ҳар бир автомобилдан олиниши лозим бўлган тўловларнинг 15 фоизи давлат шеригига, 5 фоизи эса «Пуллик тўхташ жойи» операторига ўтказиб берилади.

Ҳукумат янги хусусийлаштириш дастури доирасида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Матонат маҳалласи, Шароф Рашидов кўчасидаги иккита давлат обьектини сотувга чиқарган. Бу ерлар иккита лотда электрон савдога қўйилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.