Тошкент шаҳар умумюрисдиксия судлари учун янги бино қуриш нега кечикаётганига изоҳ берилди

Тошкент шаҳар умумюрисдиксия судлари учун янги бино қурилиши нега кечикаётгани юзасидан изоҳ берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан, Тошкент шаҳар умумюрисдиксия судлари учун янги бино қурилиши 2021-йилда бошланган эди. "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ташкилот, буюртмачи сифатида белгиланган ва бино 2022-йилнинг кузида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган эди. Бироқ, орадан беш йил ўтганига қарамай, қурилиш ишлари якунланмаган. Ушбу ҳолат бўйича "Дарё" нашрининг сўровига Тошкент шаҳар ҳокимлиги жавоб берди.
Пойтахт ҳокимлигининг маълумотига кўра, обьектда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган вақтда фойдаланувчи ташкилот томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча ишлар киритилган.
Киритилган ўзгартиришлар ва қўшимча бажариладиган қурилиш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари қайта ишлаб чиқилиб, Шаҳарсозлик экспертизасига тақдим этилган.
Маълумотда айтилишича, обьект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 5-сентябрдаги 740-сонли қарори талабларига мувофиқ кўриб чиқилмоқда.
Қўшимча қилинишича, бинони жорий йилнинг охирига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Аввалроқ, Ўзбекистонда шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузганлик учун таъсирчан молиявий жавобгарликни белгилаш ва ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

