Тошкент Oxford Economics нашрининг Global Cities Index 2026 рейтингида 128 поғонага кўтарилди
Tashkent Times — бу Ўзбекистоннинг барча сўнгги янгиликларини тақдим этувчи инглиз тилидаги онлайн газетадир

**Тошкент Oxford Economics ташкилотининг Global Cities Index 2026 рейтингида 128 поғонага кўтарилди**
Тошкент Oxford Economics тадқиқот компанияси томонидан эълон қилинган Global Cities Index 2026 рейтингида дунёдаги 1000 та йирик шаҳар орасида 343-ўринни эгаллади. Ўтган йил давомида Ўзбекистон пойтахти 128 поғонага юқорилади.
Oxford Economics, шунингдек, Тошкентни **«Эътибор қаратиш лозим бўлган 28 та шаҳар»** (28 Cities to Watch) рўйхатига киритди — бу кучли ривожланиш суръатига ва яқин йилларда сезиларли ютуқларга эришиш салоҳиятига эга деб кўрилаётган шаҳарлар гуруҳидир.
«**Тошкент Марказий Осиёнинг энг истиқболли шаҳар иқтисодий марказларидан бири сифатида намоён бўлмоқда,**» дейилади ҳисоботда. Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин Тошкент йирик саноат маркази бўлган; мустақилликка эришилгач ва халқаро бозорларга очилингач, шаҳар иқтисодиёти анча диверсификациялашди. Бугунги кунда, ҳисоботга кўра, Ўзбекистон пойтахти қурилиш буми ва иқтисодиётнинг бир нечта тармоқларига инвестициялар оқими ортиши фонида барқарор ўсишни намойиш этмоқда. Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги кўплаб шаҳарлардан фарқли ўлароқ, бу ерда аҳолининг барқарор ўсиши ҳам давом этмоқда.
Индексда Тошкентнинг географик жойлашуви ва малакали ишчи кучи асосий кучли томонлар сифатида кўрсатилган. Шу билан бирга, Oxford Economics шаҳарда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) пастлиги бойроқ мамлакатларга «ақллар оқими» хавфини оширишидан огоҳлантиради. Ҳисоботда, шунингдек, экологик босим — айниқса сув тақчиллиги — зудлик билан эътибор қаратишни талаб қиладиган долзарб муаммо сифатида кўрсатилган.
## Тошкентнинг кўрсаткичлари
Индекс бешта тоифа — иқтисодиёт, инсон капитали, ҳаёт сифати, атроф-муҳит ва бошқарув асосида тузилган бўлиб, уларнинг ҳар бири умумий рейтингга бирлаштирилишидан олдин 0 дан 100 гача бўлган шкала бўйича баҳоланади.
**Иқтисодиёт** (Economics) йўналишида Тошкент 54,7 балл олиб, глобал миқёсда 188-ўринни эгаллади ва энг яхши 20% лик рўйхатдан жой олди. Бу тоифа шаҳар иқтисодиётининг ҳажми, тузилмаси ва ўсиш суръатларини ҳам ўтмишдаги кўрсаткичлар, ҳам келажакдаги истиқболлар асосида баҳолайди.
**Инсон капитали** (Human Capital) йўналишида Тошкент 61,5 балл тўплаб, дунё бўйича 108-ўринни эгаллади ва бу борада ҳам энг яхши 20% лик рўйхатга кирди. Ушбу кўрсаткич шаҳардаги истеъдодлар базасининг ҳажми ва сифатини, шунингдек, малакали мутахассисларни жалб қилиш, ривожлантириш ва сақлаб қолиш қобилиятини баҳолайди.
**Ҳаёт сифати** (Quality of Life) йўналишида Тошкент 47,5 балл олиб, глобал миқёсда 644-ўринни эгаллади — бу рўйхатнинг қуйи 40% лик қисмига тўғри келади. Бу тоифа аҳолининг фаровонлиги ва мамнуният даражасини, шунингдек, уй хўжаликлари молияси, соғлиқни сақлаш натижалари ва шаҳар инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятлари каби яшаш шароитларини кўриб чиқади.
**Атроф-муҳит** (Environment) йўналишида Тошкент 45,1 балл тўплаб, дунё бўйича 806-ўринни эгаллади ва қуйи 15% лик рўйхатдан жой олди. Бу кўрсаткич шаҳарнинг ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ўртасидаги мувозанатни қанчалик яхши таъминлаётганини, шунингдек, унинг экологик хавф-хатарларга таъсирчанлигини акс эттиради.
Тошкент энг паст натижани **Бошқарув** (Governance) йўналишида қайд этди — 40,2 балл билан глобал миқёсда 825-ўринни эгаллади ва бу ҳам қуйи 15% лик рўйхатга тўғри келади. Бу тоифа шаҳар институтларининг кучини, тартибга солиш муҳитининг сифатини ҳамда аҳоли ва бизнес учун шароитларнинг барқарорлигини баҳолайди. «**Самарали бошқарув шаҳарнинг режалаштириш, инвестиция киритиш ҳамда аҳоли ва бизнес эҳтиёжларини қондириш қобилиятининг асосидир,**» деб таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.
## Топ-10 шаҳар
Рейтингнинг юқори поғоналарини АҚШ, Европа ва Осиё шаҳарлари эгаллаган. Нью-Йорк мукаммал 100 балл билан биринчи ўринни эгаллади, ундан кейинги ўринда 98,8 балл билан Лондон борди; ҳар икки шаҳар ўз иқтисодиёти ва инсон капитали кўлами бўйича айниқса юқори балл тўплади. Париж 93,4 балл билан учинчи ўринни эгаллади.
Топ-10ликнинг қолган қисмини Сиэтл, Сан-Франциско, Дублин, Бостон, Сан-Хосе, Токио ва Цюрих ташкил этди.
Марказий Осиё шаҳарлари орасида Олмаота 265-ўринни, Астана 281-ўринни эгаллаган бўлса, Бишкек 461-ўринни, Ашхобод 668-ўринни ва Душанбе 672-ўринни банд этди.

