Тошкент метросида тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати оралиғи яна қисқартирилди

Тошкент метросида тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати оралиғи яна қисқартирилди
15 сентябрь куни Тошкент метрополитенида юқори йўловчи оқими қайд этилди — ер ости транспорти хизматларидан 1,16 миллион киши фойдаланди. Энг катта тирбандлик "Чинор", "Олмазор", "Чилонзор", "Буюк ипак йўли", "Халқлар дўстлиги" ва "Беруний" бекатларида кузатилди.
Ортиб бораётган йўловчилар оқимини тартибга солиш ва қулай саёҳат шароитларини таъминлаш мақсадида тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати қисқартирилган оралиқларда ташкил этилди. Чилонзор йўналишида бу оралиқ 1,5–2 дақиқани, Ўзбекистон йўналишида — 3 дақиқани, Юнусобод йўналишида — 4 дақиқани, Ер усти ҳалқа йўналишида эса — 7–8 дақиқани ташкил этмоқда.
Метрополитен ходимлари бекатлардаги вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқдалар ва мавжуд шароитдан келиб чиқиб, поездлар ҳаракатига тезкорлик билан тузатишлар киритмоқдалар. Ушбу чора-тадбирлар йўловчиларни узлуксиз ташишни таъминлаш ва барча зарур хавфсизлик талабларига риоя қилишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал — 14 сентябрь куни метрополитен 1 165 550 нафар йўловчига хизмат кўрсатиб, янги кунлик рекордни ўрнатган эди.

