Тошкент метроси учун 70 та янги вагон харид қилинади
Ушбу лойиҳа қиймати етказиб берувчи ва кредит шартларига қараб 168,6 млн доллардан 356,2 млн долларгача

**Тошкент метроси учун 70 та янги вагон харид қилинади**
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши метрополитен учун янги поездлар харид қилиш лойиҳаси консепсиясини тасдиқлади.
Лойиҳани Тошкент метрополитени ишлаб чиққан. Ҳозирча етказиб берувчи ҳам, харид нархи ҳам аниқланмаган.
Янги вагонлар эскирган таркибларни алмаштириш ва метро ҳаракат таркибини тўлдириш учун зарур. Амалдаги вагонларнинг бир қисми бир неча ўн йилдан бери фойдаланиб келинмоқда. Агар улар янгиланмаса, поездлар сони камайиши, ҳаракат оралиғи узайиши ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати пасайиши мумкин.
Ҳар бир поезд бешта вагондан иборат бўлиши белгиланган. Амалдаги бекат платформалари тахминан 100 метр бўлгани сабабли олти вагонли таркиблар сиғмайди. Бекатларни қайта қуриш эса катта харажат талаб қилади.
Янги поездлар мавжуд инфратузилмага мос бўлиши, релс оралиғи 1520 мм, контакт релсидан қувватланиши 825 волт, максимал тезлиги эса соатига 90 километр бўлиши керак.
Амалдаги 81−717/714 серияли вагонлардан фарқли равишда, янги поездларда кучлироқ асинхрон двигателлар, рекуператив тормозлаш тизими, тезланиш ва тормозланиш кўрсаткичларининг яхшиланиши, паст пол, кондиционерлар, замонавий ахборот ва ёритиш тизимлари ҳамда кенгроқ салон бўлиши талаб этилган.
Германиянинг «Сиеменс» компанияси ўз ечимлари техник талабларга мос эмаслигини билдирган ва тижорат таклифини бермаган.
Расмий тижорат таклифларини Хитойнинг «СРРС» ва Россиянинг «ГТР» компаниялари тақдим этган. Қолган бешта компания бўйича ҳисоб-китоблар ўхшаш битимлар ҳақидаги очиқ маълумотлар асосида амалга оширилган.
Консепсияда Хитойнинг «СРРС», Россиянинг «Глобал транспорт ечимлари» ва Жанубий Кореянинг «Ҳюндаи Ротем» компаниялари таклифлари энг мақбул деб кўрсатилган.
Россиядан бошқа етказиб берувчи танланса, янги вагонлар учун депо ва техник хизмат кўрсатиш пунктларини қуриш талаб этилиши мумкин. Бу харажат 10,1 млн долларга баҳоланган ва лойиҳа ҳисоб-китобларига киритилган.
2026-йилда етказиб берувчини танлаш, молиялаштириш манбасини белгилаш ва кредит шартномасини имзолаш режалаштирилган. Поездлар 2027-йилда учта партияда, тахминан 10 ой давомида етказиб берилиши керак. Уларни қабул қилиш ва фойдаланишга топширишни 2027-йил ноябригача якунлаш белгиланган.
Тошкент метрополитени давлат субсидиялари ҳисобига фаолият юритувчи нотижорат ташкилот ҳисобланади. Консепсияга кўра, вариантларнинг ҳеч бири молиявий жиҳатдан ўзини қопламайди. Кредитларни давлат буджети ҳисобидан қайтариш режалаштирилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, янги поездлар 2028-йилда 18,7 млн, 2030-йилда 22,6 млн ва 2035-йилда 27,4 млн йўловчини ташиши кутилмоқда. Лойиҳа доирасида 61 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Шунингдек, айрим йўловчиларнинг шахсий ва бошқа транспорт воситаларидан метрога ўтиши натижасида йўллардаги тирбандлик камайиши мумкин. Ҳисоб-китобларда зарарли моддалар чиқиндиларини йилига ўртача 4 минг тоннага қисқартириш имконияти ҳам кўрсатилган.

