Тошкент ҳокими: шаҳарни ривожлантиришга ҳар йили қарийб 2 миллиард доллар йўналтириш керак
Тошкентга йўллар учун йилига тахминан 300 миллион доллар, коммунал инфратузилмага 400 миллион доллар ва мактаблар, боғчалар ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига яна 300 миллион доллар керак, деб маълум қилди пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов. Унинг фикрича, яна 1 миллиард долларни шаҳар қийматини ва унинг даромадларини оширадиган лойиҳаларга киритиш зарур.

Тошкент ҳокими: шаҳарга ривожланиш учун ҳар йили қарийб 2 млрд доллар керак
Тошкент инфратузилма, ижтимоий соҳа ва шаҳарга қўшимча даромад келтириши мумкин бўлган лойиҳаларни ривожлантиришга ҳар йили тахминан 2 млрд доллар йўналтириши зарур.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, йўллар ва йўл инфратузилмасига йилига қарийб 300 млн доллар ажратиш керак.
«Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, бугунги кунда Тошкент ривожланиш суръатларига етиб олиш, мавжуд, кўп жиҳатдан эскирган инфратузилмани тартибга солиш ва ортиб бораётган юкламага улгуриш учун йўллар ва йўл инфратузилмасига ҳар йили қарийб 300 млн доллар сарфлаши керак», — деди у.
Унинг баҳолашича, аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткичдан келиб чиқиб, коммунал инфратузилмага йилига яна тахминан 400 млн доллар йўналтириш лозим.
Ижтимоий соҳага — мактаблар, боғчалар ва соғлиқни сақлашга қарийб 300 млн доллар талаб этилади. Бу суммага Умурзоқов нафақат янги қувватларни яратишни, балки мутахассислар, малака ошириш, иш ҳақи ва KPI тизимини жорий этиш харажатларини ҳам киритади.
Ҳоким алоҳида яна 1 млрд долларни ҳар йили «инвестиция муҳитини қўллаб-қувватлаш»га йўналтиришни зарур деб ҳисоблайди.
«Бу нимани англатади? Агар биз шаҳарга 2 млрд доллар киритсак, улар камида 3 млрд бўлиб қайтиши керак. Реновация, туристик кўчаларни ривожлантириш, фестиваллар, экологияни яхшилаш — буларнинг барчаси шаҳар қийматини оширадиган инвестиция лойиҳаларидир», — деди у.
Шавкат Умурзоқовнинг сўзларига кўра, Тошкент ривожланиш учун зарур бўлган 2 млрд долларни мустақил равишда ишлаб топишга қодир. У 2022 йилда пойтахтнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 149 трлн сўмни ташкил этганини, 2025 йил якунларига кўра эса 370 трлн сўмга яқинлашганини — ўсиш тахминан 2,5 баробарни ташкил этганини таъкидлади.
«Биз ҳозирча мавжуд имкониятларнинг атиги 20−30 фоизидан фойдаланяпмиз. Тошкент мен айтган ўша 2 млрд долларни ўзи ишлаб топишга қодир: 1 млрд долларни инфратузилма ва шаҳар муаммоларига, яна 1 млрд долларни эса кейинчалик солиқлар ва бошқа тушумлар кўринишида қайтадиган лойиҳаларга йўналтириш мумкин», — деди шаҳар маъмурияти раҳбари.
Ҳоким маълум қилинган ҳажм амбицияли кўриниши мумкинлигини тан олди, бироқ бошқа йирик шаҳарларни, жумладан Сеулни мисол қилиб келтирди.
Унинг сўзларига кўра, асосий масала шаҳарга ушбу маблағларни олиш ва улардан самарали фойдаланиш имконини берадиган механизмни яратишдан иборат.
«Мен айтмоқчиманки, биз 2 млрд долларни ҳам топишга қодирмиз. Энг муҳими — механизмни билиш, бу пулларни нима учун ишлаб топиш ва нимага сарфлашни тушунишдир. Тошкент ҳокимлари ва барча масъул тузилмалари ушбу 2 млрд доллар аҳолининг бугунги эҳтиёжларига сифатли хизмат кўрсатиш учун зарурлигини тушунишлари керак», — деди пойтахт ҳокимияти раҳбари.
Умурзоқов пойтахт расмийлари шаҳарни ривожлантиришни режалаштиришда ушбу суммадан келиб чиқишлари кераклигини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, шаҳар даромадлари ҳақида алоҳида гапирар экан, ҳоким белгиланган режалар амалга оширилса, унинг ҳисоб-китобларига кўра, Тошкент келаси йилнинг ўзидаёқ 1 млрд доллар ишлаб топиши мумкинлигини маълум қилди.

