Тошкент футбол бўйича аёллар ўртасидаги U-17 Марказий Осиё чемпионатига мезбонлик қилади

Тошкент футбол бўйича U-17 қизлар ўртасидаги Марказий Осиё чемпионатига мезбонлик қилади
Ўзбекистон қизлар ўсмирлар терма жамоаси 15 сентябрдан Марказий Осиё чемпионлиги унвонини ҳимоя қилишни бошлайди. CAFA U-17 Women’s Championship турнири Тошкентда бўлиб ўтади ва 19 сентябрда якунига етади.
Кубок учун ўзбекистонлик қизлар билан бирга Эрон, Қирғизистон ва Тожикистон терма жамоалари кураш олиб боради. Уй учрашувлари ўтадиган турнирда U-17 миллий терма жамоасига Маҳлиё Сарикова бошчилик қилади.
Ўзбекистон терма жамоаси учун ушбу турнир чемпионлик унвонини сақлаб қолиш имконияти бўлади. Ўтган йили жамоа CAFA U-17 Women’s Championship мусобақасида бирор марта мағлубиятга учрамай ғолиб чиққан эди: футболчи қизлар Эрон ва Тожикистонни 1:0 ҳисобида мағлуб этишган, Қирғизистон билан ўйинни эса голсиз дуранг билан якунлашганди. Учта учрашув якунларига кўра, ўзбекистонлик қизлар биринчи ўринни эгаллашган.
Бундан аввал Ўзбекистон U-20 аёллар терма жамоаси ҳам CAFA турнири ғолибига айланган эди. Ҳал қилувчи ўйинда жамоа Тожикистонни 7:0 ҳисобида тор-мор келтириб, мусобақани мағлубиятсиз якунлаганди.

