Тошкент Ботаника боғида янги сунъий кўл қурилмоқда (фото)
Тармоқларда Ботаника боғида қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Газета мухбири воқеа жойига бориб, боғ бош дендрологи Атиргул Холмирзаева билан суҳбатлашди. Унга кўра, ҳудуднинг 50 сотих майдонида сунъий сув ҳавзаси қурилмоқда, дарахтлар эса кесилаётгани йўқ. Фото.

Тошкент Ботаника боғида янги сунъий кўл барпо этилмоқда (фото)
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Ботаника боғида қурилиш ишлари кетаётгани ва дарахтлар кесилаётгани ҳақида видеолар тарқалди. Газета мухбири вазиятга аниқлик киритиш учун воқеа жойига бориб, Ботаника боғи бош дендрологи Атиргул Холмирзаева билан суҳбатлашди.
Унинг айтишича, боғ ҳудудининг 50 сотих қисмида сув ҳавзаси қурилмоқда. Мутахассис қурилиш вақтида ўзбошимчалик билан дарахт кесилаётгани йўқлигини таъкидлади.
Атиргул Холмирзаеванинг сўзларига кўра, сунъий кўл қурилаётган жой авваллари арчазор бўлган. Кейинчалик арчалар бошқа ҳудудга кўчириб ўтказилгани сабабли бу ер очиқ қолган.
“Очиқ майдон қамишзорга айланди ва қаровсиз қолди. Ищи кучимиз кам. Боғни йиллаб тозалашга ҳам вақт етмайди”, — дейди у.
Унинг айтишича, ҳудудда сув ҳавзаси қурилиши муносабати билан бу ердаги ўсимликлар ва қамишлар олиб ташланмоқда. Кейин ҳавзада сувда ўсадиган ўсимликлар экилади, атрофи эса манзарали буталар билан ободонлаштирилади.
“Аҳоли келиб, шу ерда дам олиб кетадиган манзарали жойга айланади”, — дейди бош дендролог.
Холмирзаеванинг маълум қилишича, янги сув ҳавзаси 50 сотих майдонни эгаллайди ва уни шу йилнинг ўзида якунлаш режалаштирилган.
“Кўл қуриладиган майдон атрофидаги дарахтларнинг ҳаммаси турибди. Ўзбошимчалик билан дарахт кесилаётгани йўқ. Фақат қуриб қолган шохлари олиняпти”, — дейди бош дендролог.
Унинг таъкидлашича, қуриб қолган ёки биологик ёши тугаётган дарахтларни олиб ташлашдан олдин тегишли далолатнома тузилади. Шунингдек, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтидан мутахассислар чақирилиб, дарахтларнинг ҳолати бўйича илмий хулоса олинади.

