Тўқаев Назарбоевга ташқи сиёсат масалалари бўйича халққа мурожаат қилишни тақиқлади
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг 2030-йилгача мўлжалланган Ташқи сиёсат консепсиясидан Нурсултон Назарбоевга берилган умрбод сиёсий ҳуқуқни чиқариб ташлади.

Тўқаев Назарбоевнинг ташқи сиёсат бўйича халққа мурожаат қилиш ҳуқуқини бекор қилди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг 2030-йилгача мўлжалланган Ташқи сиёсат консепсиясига ўзгартиришлар киритди. Ушбу ҳужжатдан Нурсултон Назарбоевнинг ички ва ташқи сиёсат, шунингдек, давлат хавфсизлиги масалалари бўйича ташаббуслар билан халққа мурожаат қилишдек умрбод ҳуқуқини белгиловчи банд олиб ташланди.
Назарбоевга бундай ҳуқуқ "тарихий миссияси туфайли" давлатнинг биринчи раҳбари сифатида берилган эди. Бундан ташқари, ҳужжатнинг 7-боби 1-бандида кўрсатилганидек, таклиф этилган ташаббуслар тегишли давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим эди.
Нурсултон Назарбоев 1991-йилдан 2019-йилгача Қозоғистон президенти лавозимида ишлаган. Лавозимдан кетганидан сўнг, у миллат етакчиси (Элбоши) унвонини сақлаб қолган эди, бу эса унга умрбод имтиёзларни таъминлаган: масалан, ушбу лавозимда ва ундан кейин биринчи президент мақомида содир этган хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас эди.
Қозоғистон Конституциявий суди 2023-йил бошида, январ ойидаги оммавий тартибсизликлардан сўнг "Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти - Элбоши тўғрисида"ги қонунни бекор қилди. Кейинчалик Назарбоев ва унинг яқин қариндошлари кўплаб имтиёзлардан маҳрум этилди.

