Тўқаев дарсликлардан “сохта қаҳрамонлар” ва тўқима жасоратларни олиб ташлашни буюрди

Тўқаев дарсликлардан "сохта қаҳрамонлар" ва тўқима жасоратларни олиб ташлашни буюрди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ишончсиз тарихий маълумотлар берилган ўқув материалларини қайта кўриб чиқишни топширди. Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқувчиларига аслида бўлмаган қаҳрамонлар ва воқеалар ҳақидаги афсоналар ўқитилмаслиги керак, деб хабар берди “Exclusive.kz”.
Давлат раҳбари аввалроқ ҳукумат мактаб дарсликларида 700 дан ортиқ қўпол хатолик аниқлангани ҳақида хабар берганини эслатиб ўтди. Президентнинг фикрича, бундай камчиликлар таълим сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Болаларга қандайдир уйдирма қаҳрамонлар ва уларнинг аслида бўлмаган жасоратлари ҳақида афсоналар сўзлаб берилмоқда. Болаларни ёлғон, сохталаштирилган маълумотларни тарқатиш орқали ватанпарварлик руҳида тарбиялаш халқимизнинг маънавий ўзагига путур етказиши муқаррар”, деди президент.
Тўқаев ватанпарварлик тарбияси тарихий фактларни бузиб кўрсатишга асосланмаслиги лозимлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, ёшлар ўз халқининг тарихини тўғри тушуниши ва айни пайтда келажакка ишонч билан қараши керак.
Шунингдек, президент қозоқларни “ҳамиша мотам тутувчи миллат” сифатида кўрсатишдан воз кечишга чақирган. У мисол тариқасида адабиётда кенг тарқалган ва қайғу ёки соғинч маъноларини англатадиган “мұң” сўзини келтирган.
“Баъзи адибларимиз мұң сўзини севиб қолишган: жүрегимде мұң, көзимде мұң! Қайғу — ёшларимиз учун ёмон ҳамроҳ. Буни сизга аниқ айтаман”, деди Тўқаев.
Давлат раҳбарининг фикрича, ёш қозоқлар “ечиб бўлмайдиган вазифанинг ўзи йўқ, қийинчиликларни эса енгиш мумкин”, деган ишонч билан улғайиши керак.
“Биз кучли ва бунёдкор миллат бўлишимиз лозим. Ёшларга бефарқлик ва тушкунлик бегона бўлиши керак”, деган Қозоғистон президенти.
Аввалроқ Қосим-Жўмарт Тўқаев эркакларнинг қучоқлашиб, ўпишиш одатини танқид қилиб, миллий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишга чақирганди.

