Том Ҳарди 49 ёшда: бир пайтлар ашаддий гиёҳванд бўлган йигит қандай қилиб Голливуд юлдузига айланди?

Том Ҳарди 49 ёшда: бир пайтлар ашаддий гиёҳванд бўлган йигит қандай қилиб Голливуд юлдузига айланди?
Бугун британиялик актёр Том Ҳарди 49 ёшини нишонламоқда. Голливуд “ёмон йигитлар”ни яхши кўради. Шу маънода тан олинган “ёмон йигит” Том Ҳарди абадий эътирофга умид қилиши мумкин. Унинг “Момақалдироқ довони” филмидаги ёвуз Хитклифф ва Ўргимчак одам оламидаги махлуқ Веном роллари бежиз муваффақият қозонмаган.
Том Ҳардининг ота-онаси — рассом Энн ва ёзувчи Эдуард — ёлғиз ўғлини ижодий муҳитда тарбиялашга уринишлари нималарга олиб келишини эҳтимол тасаввур ҳам қилмаган. Бир томондан, айнан шу муҳит туфайли Том актёрлик истеъдодини эрта намоён этди. У “Ридс” ва “Тауер Ҳаус” мактабларини тугатди, Ричмонд театр мактабида ўқиди ва Лондон драма марказига қабул қилинди. Бошқа томондан эса у ўсмирлик давридаёқ ичкилик ва гиёҳванд моддаларга ружу қўйди.
Том ҳақиқатан ҳам пичоқ тиғида юрган: бир неча бор автомобил ўғирлагани, рухсациз қурол олиб юргани ёки тақиқланган моддалар сабаб полиция бўлимига тушган, аммо мўжиза туфайли қамоқ жазосидан қутулиб қолган. Ҳарди гўё таянч нуқтасини топиш учун энг тубига қулашга интилаётгандек эди. Бу таянч эса ҳаётининг энг оғир палласида, Том том маънода ўлим билан юзма-юз келганида топилди. У бу ҳақда гўё оғир иқрор билан айбини ювмоқчидек, очиқ ва дангал сўзлайди:
“Баъзилар 25 ёшида Ҳиндистонга бориб қолишади, мен эса Олд-Комптон-стритда, кокаин таъсирида қонга беланган ҳолда ётардим.”
У реабилитация марказида қарамликдан даволаниш курсини ўтди ва аста-секин ҳаётга қайта бошлади. У ўтмишини яширмайди, интервюларда таржимайи ҳолининг ҳатто энг хунук жиҳатлари ҳақида ҳам очиқ гапиради.
Иш ҳам, шубҳасиз, терапевтик таъсир кўрсатди, шу сабаб Том ўзини бутунлай ишга бағишлади. Ҳарбий драмалардаги бир нечта роллардан кейин у мексикалик актёр Гаел Гарсия Бернал билан бирга “И устидаги нуқталар” номли мустақил филмда суратга тушди. Шу ролдан сўнг унга “Симон: Инглиз легионери” филмида рол таклиф қилинди ва бунинг учун Ҳарди вақтинча Шимолий Африкага кўчиб ўтди.
Ўша йили у ўзининг илк кўзга кўринган ролини — “Юлдузлар йўли: Қасос” филмида “Энтерпрайз” капитани Жан-Люк Пикарнинг клони Реман Претор Шинзон образини ижро этди. Том кинодаги карьера учун фақат келишган ташқи кўриниш ва истеъдод етарли эмаслигини, бунинг учун ўлгудек ишлаш, жисмоний ва ақлий имкониятларни чархлаш кераклигини англаб етди.
У муваффақиятга эриша олишини атрофдагиларга ҳам, ўзига ҳам исботлашга қарор қилди. Ҳарди ҳар бир рол устида жон куйдириб ишлайдиган актёрлардан бирига айланди. У ўша ягона, мукаммал кадр чиқмагунча чексиз дублларга чидашга тайёр эди.
“Отам мен билан фахрланишини хоҳлагандим ва ўзимни актёрликка урдим, чунки бошқа ҳеч нарса қўлимдан келмасди. Айнан актёрликда мен риоя қилишни хоҳлаган, ҳар куни бўйсунишни яхши кўрадиган интизомни топдим”, деганди Том.
2003-йилда Ҳарди ўз қарамликларидан бутунлай халос бўлди ва саҳнада сезиларли муваффақиятларга эришди. У “Лондон Эвенинг Стандард Тҳеатре Авард” театр мукофоти билан тақдирланди ва кейинги йили “Ин Арабиа, Веъд Алл Бе Кингс” спектаклидаги ижроси учун энг умидбахш дебют номинациясида Лоуренс Оливе мукофотига номзод бўлди.
У “Бокира қиролича” филмида суратга тушди, Гай Ричининг “Рок-н-роллчи” комедиясида рол ўйнади. Аммо унга ҳақиқий шон-шуҳрат “Бронсон” филмидаги роли орқали келди. Бу филмда Ҳарди умрининг кўп қисмини бир кишилик камерада ўтказган ва энг хавфли жиноятчилардан бири ҳисобланган маҳбус Чарлз Бронсон образини яратди.
“Мен ичардим ва тақиқланган моддаларни қабул қилардим. Эрталаблари уйғонолганимдан ҳайратда қолардим. Ҳар куни бир хил аҳвол — яқинларимдан хулқ-атворим учун узр сўрардим, нима қилиб қўйганимни тушунсам-да, яна давом эттираверардим”, деб эслайди Том Ҳарди.
Ролга яхшироқ киришиш учун Ҳарди бир неча бор қамоқхонадаги ҳақиқий Бронсоннинг ёнига борди, гарчи хавфсизлик нуқтайи назаридан жиноятчини ҳатто учрашувлар хонасига ҳам киритишмаган бўлса-да. Шунингдек, рол учун Том 19 килограмм мушак массасини йиғишга мажбур бўлди. Танқидчиларнинг эътирофи эса унинг мукофоти бўлди.
“Бронсон”дан кейин Ҳарди томошабинлар меҳрини қозонган янада ёрқин ролларни ижро этди: “Момақалдироқ довони”, “Муқаддима”, “Жангчи”, “Қора рицар: Афсонанинг қайтиши”, “Телба Макс: Ғазаб йўли”, “Веном”. Том ҳар бир филмга аввалгидек катта иштиёқ билан тайёргарлик кўрарди. Хусусан, “Жангчи” филмини суратга олишдан олдин Ҳарди мураббий қўл остида махсус дастурни ўтди, унга кўра машғулотлар эрталаб соат 7 да бошланиб, тунда тугарди. У бокс, хореография ва жанг санъатининг бир неча турлари билан шуғулланган.
Зарарли одатлари сабаб у шахсий ҳаётида ҳам кўп хатоларга йўл қўйди. 1999-йилда актёр Сара Уордга уйланди, аммо уларнинг никоҳи узоқ давом этмади. Ушбу муносабатлардан сўнг Томнинг Рейчел Спид билан ишқий алоқалари бошланди ва ундан Луи Ҳарди исмли ўғил кўрди. Гарчи улар Рейчел билан ажралган бўлса-да, Ҳарди оталик уни бутунлай ўзгартирганини, ҳаётга қарашларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилганини айтади.
Агар илгари у отаси у билан фахрланишини орзу қилган бўлса, энди ўғлининг эътирофини қозонишни истайди.
Томнинг таъкидлашича, ўғли Луи унга худбинликдан воз кечиш вақти келганини эслатиб туриш учун юборилган неъматдир. Том ўғли билан иложи борича кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилади:
“Мен ўз ишимни яхши кўраман, лекин дада бўлишни кўпроқ ёқтираман. Агар ишни тезроқ бажариб, кўпроқ пул топиш имкони бўлса, сафарларга қисқароқ муддатга кетишим ёки оиламни ўзим билан олиб кетишим мумкин бўлади.”
2009-йилда “Момақалдироқ довони” филмининг суратга олиш жараёнида у актриса Шарлотта Райли билан танишди. Тез орада уларнинг қаҳрамонлари ўртасидаги ишқий муносабатлар реал ҳаётга кўчди. Жуфтлик унаштирилди, турмуш қурди ва икки фарзандли бўлди.

