“Толибон” янги қонун билан Афғонистонда барча турдаги намойишларни тақиқлади

“Толибон” ҳаракати Афғонистонда барча турдаги намойишларни тақиқловчи янги қонунни жорий қилди. Бу қонун полициянинг гумонланувчилар ва ҳибсга олинганларга нисбатан ваколатларини сезиларли даражада кенгайтиради. Бу ҳақда Тҳе Кабул Трибуне Афғонистон Адлия вазирлиги эълон қилган ҳужжатга таяниб хабар берди.
**Янги “Полиция қонуни”**
“Шурта” деб номланган полиция кучларининг фаолияти ва масъулиятини белгиловчи ушбу ҳужжат “Толибон”нинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан тасдиқланган. Қонун полицияга ҳибсга олиш ва хавфсизлик операцияларини ўтказишда кенг ҳуқуқлар беради, шу билан бирга фуқаролар ва полициячиларнинг ўзлари учун ҳам бир қатор чекловлар жорий этади.
**Оммавий намойишлар тақиқланди**
Ҳужжатнинг 50-моддасига кўра, Афғонистон ҳудудида ҳар қандай намойишлар ўтказиш қатъиян ман этилади. Шунингдек, 14-модда жазолаш жараёнларини тасвирга олишни, яъни одамларга тайинланган жазоларнинг бажарилишини фото ёки видеога олишни тақиқлайди.
**Ҳибсда ушлаб туриш муддати узайтирилди**
Қонуннинг 27-моддаси шахсларни ҳибсда ушлаб туришнинг энг узоқ муддатини 3 кундан 10 кунгача узайтирди. 41-модда полицияга гумонланувчилар билан ишлашда қўшимча ҳуқуқлар беради. Хавфсизлик ходимлари гумонланувчиларни диний мажбуриятлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини бузмаслик ҳақида огоҳлантириши, уларга нисбатан интизомий чоралар қўллаши ҳамда қатъий тилдан фойдаланиши мумкин. Полиция гумонланувчиларни тавба қилишга мажбур қилиши ва оғир жиноятларда гумон қилинганларни ўлим билан қўрқитиши мумкин. Оғир жиноятларни такроран содир этган шахслар полиция томонидан жазоланиши белгиланган.
**Ҳибсга олиш ва муомала қилиш қоидалари**
Қонун полициядан гумонланувчиларни, айниқса аёллар ва болаларни ҳибсга олишда исломий қоидаларга амал қилишни талаб қилади. Ҳибсга олиш пайтида гумонланувчиларга жисмоний зарар етказиш тақиқланади. Диний суд қарорисиз полиция гумонланувчиларни ёки маҳбусларни таёқ, қамчи ва кабеллар билан уриши ёки қийнаши мумкин эмас. Оддий ва сиёсий маҳбусларни қийноққа солиш ман этилади.
**Полициянинг кенг хавфсизлик масъулиятлари**
Полиция зиммасига хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаро авиацияси аеропортларини ва уларнинг обьектларини қўриқлаш, ноқонуний қуролларнинг олдини олиш ҳамда давлат мулкини ҳимоя қилиш масъулияти юклатилди. Полиция таркибига ёнғин ўчириш, аварияларнинг олдини олиш, йўл ҳаракатини назорат қилиш ва жамоат тартибини сақлаш бўлинмалари киради. Йўл ҳаракати полицияси транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солади, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва техпаспортлар беради, давлат рақамларини тарқатади ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларини текширади. Шунингдек, полиция Афғонистон чегараларидан кираётган ва чиқаётган одамлар, транспорт воситалари ҳамда юкларни назорат қилади.
**Гиёҳвандлик ва одам ўғирлашга қарши кураш**
Янги қонун полицияга гиёҳванд моддаларни етиштириш, ишлаб чиқариш, контрабанда қилиш, сотиш ва истеъмол қилишнинг олдини олиш масъулиятини беради. Полицияга кўкнори, наша ва бошқа гиёҳванд ўсимликлар экилишини тақиқлаш, наркокурьерлар ва сотувчиларни ушлаш ҳамда мусодара қилинган моддаларни йўқ қилиш мажбурияти юклатилган. Полиция одам ўғирлаш ва одам савдосининг олдини олади, жиноятчиларни қувлайди ва ушлайди. Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолган шахслар эса даволаш марказларига юборилади.
**Виза ва паспорт бериш ҳуқуқи**
Ҳужжатга кўра, полиция Афғонистонга кирмоқчи бўлган ажнабий фуқароларга визалар бериш учун масъул бўлади. Шунингдек, улар Афғонистон фуқароларига хорижга чиқиш паспортларини тарқатади. Полиция чорраҳаларда ва йўлларда фотосуратлар ҳамда тасвирлар илинишининг олдини олиш учун “Толибон”нинг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларга қарши кураш вазирлиги билан ҳамкорлик қилади.
**Қурол қўллаш қоидалари**
37-модда полицияга муайян хавфсизлик вазиятларида қурол ва портловчи моддаларни қўллашга рухсат беради. Полиция исёнлар, хавфсизликка қарши қуролли жиноятлар ҳамда қуролли тўқнашувлар пайтида қуролдан фойдаланиши мумкин. Бу норма полицияга миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳоланган вазиятларда куч ишлатиш ҳуқуқини беради.
**Полициячилар хулқ-атворига қўйилган чекловлар**
Қонун полиция ходимларининг ўзлари учун ҳам қоидалар белгилаган. Полициячиларга совғалар олиш ва “ғайриоддий” зиёфатларда қатнашиш тақиқланади. Шунингдек, ходимларнинг ОАВда салбий ёки танқидий фикрлар билдириши чекланган. Бундан ташқари, полициячиларга суннатга зид равишда сочни узун ўстириш ман этилади.
Аввалроқ “Толибон” Мозори Шариф аҳолисини ўз байроғини сотиб олишга ва уни илишга мажбурлаётгани ҳақида хабар берилганди.

